“Талаблари жуда оғир, ҳукумат қийинчиликларга дуч келади” – Германиядаги иш ташлашлар ҳақида суҳбат
Германияда аэропорт ходимлари иш ташлаши оқибатида ярим миллиондан ортиқ йўловчиларнинг парвозлари бекор қилиниб, уларнинг режалари ҳам барбод бўлди. Франкфурт ва Мюнхен осмонида ҳаво ҳаракати деярли тўхтаб қолган. Меҳнат бирлашмаси «Ver.di» 2,5 миллион ишчилар номидан иш ҳақини 8 фоизга ошириш талабини қўйган. Федерал ҳукумат талабларга рози эмас, лекин ҳафта охиригача масала ҳал қилиниши керак.
Янги ҳафтани немислар иш ташлаш билан бошлади. Маълум бўлишича, бу галги акция «Ver.di» меҳнат бирлашмасининг ҳукумат билан муваффақиятсиз ўтган музокараларидан сўнг старт олган. Германиянинг 13 та аэропортидаги ходимлар огоҳлантирмасдан иш ташлаган ва аниқ натижа бўлиши учун шу қарорга келганликлари айтилган.
Маҳаллий етакчи нашрлардан DW хабарига кўра, Франкфурт ва Мюнхен осмонида деярли ҳаракат бутунлай тўхтаган. Иш ташлаганларнинг мақсади – иш ҳақини ошириш, қўшимча дам олиш кунлари ва яхшироқ меҳнат ҳуқуқлари талаби. Ўтган йили ҳам жамоат транспорти тизими ходимлари иш ташлаб, маълум натижаларга эришган, хусусан, уларнинг маоши оширилган. Меҳнат ташкилоти «Ver.di» федерал ҳукуматдан бу гал ишчиларнинг иш ҳақини 8 фоизга ошириш, 350 евродан бир марталик ёрдам пулларини бериш ҳамда 3 кунлик дам олишга ўтишни талаб қилмоқда.
Бугун Германияда яшовчи Франкфурт университети магистранти Саидисломхон Ўзбекхоновга кўра, ҳукумат учун биргина маошни ошириш талаби 15 млрд еврога тушади. Бюджетда тақчиллик ва энергетик инқироз, давлат харажатларини кўпайтиришга Меркел қўйиб кетган қонуний тақиқ ортидан бу имконсиз. Ҳукуматга бу қимматга тушади, шунинг учун рози эмас, дейди вазиятни кузатиб келаётган ўзбек талабаси.
“2024 йил Ver.di қўйган талабларнинг ҳаммаси амалга ошмагач, 2025 йил учун янги таклифларини берди. Аслида йил охирида маошлар оширилди, ишчилар эса яна норози. Аэропортдан бошланган иш ташлаш таълим ташкилотлари, жамоат транспорти тизими ва чиқинди, уни қайта ишлаш ташкилотлари ходимларини ҳам қамраб олди. Иш ташлаш 1 ҳафта давом этади, ҳафта охирида эса ҳукумат билан Потсдамда музокаралар ўтказилади. Айни вақтдаги талаблар жуда оғир, бу федерал ва ҳудудий бошқарувда ўтирганларга молиявий қийинчиликлар туғдиради. 8 фоиз эмас-у, 3-4 фоиз маош оширилиши мумкин” – Саидисломхон Ўзбекхонов, талаба
Иш ташлаш фонида Франкфурт аэропорти 1116 та парвозларни бекор қилишга мажбур бўлган, 1 кунда 1054 та рейсларни қабул қила олмаган. Ходимларнинг норозилиги энг аввало Гамбург аэропортига таъсир қилган. Ишчилар аввалдан огоҳлантирмай иш ташлаганидан маъмурият норозилигини айтган. «Ver.di» матбуот котибига кўра, акция яхшироқ натижа бериши учун шундай қарорга келинган. Штутгарт, Кёлн, Бонн, Дюсселдорф аэропортларида ҳам ҳаракат тўхтаб қолган, деб ёзади маҳаллий нашрлар.
Хўш, иш ташлашлар фойда берадими ўзи?
“Иш ташлашлар фойда беради, лекин барча талаблар қондирилмаслиги мумкин. Охир-оқибат меҳнат бирлашмаси ва ҳукумат музокаралардан сўнг бирор хулосага келади. Масалан, чиқиндиларни қайта ишлаш ташкилотларининг ходимлари иш ташлаганда 2-раунддаёқ масала ҳал бўлди. Уларнинг маошлари 5,5 фоизга кўтарилди. Почта хизматида эса иш ҳақи 3 фоизга оширилган. Агар федерал ҳукумат бу сафар ҳам маош оширишга рози бўлса, бу давлат харажатларини кўпайтиришни талаб этади. Ангела Меркел даврида бунга қарши норма конституцияга киритилган эди. Демак, аввало бош қонунни ўзгартиришга тўғри келади. Лекин Германия қонунчилигига кўра, конституцияни ўзгартириш учун Бундестагнинг 2/3 қисми буни ёқлаб, овоз бериши керак. Ҳукумат тузиш учун коалицияга ҳаракат қилинаётган бир вақтда бу имконсиз. Янги канцлер сифатида Мерц иш бошлаган тақдирда ҳам унинг партияси ГСДП билан ҳукумат тузади. Конституцияни ўзгартириш учун эса яна бир партия ёрдами керак. Ўта ўнглар, сўллар бунга қарши. «ГуМ» ва «Яшиллар» партиялари бош қонун ўзгаришига қарши эканини эълон қилиб бўлди” – Саидисломхон Ўзбекхонов, талаба
Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, социал ҳимоя даражаси юқори бўлган Германияда ҳам бугун тизимли муаммолар жамиятни қийнамоқда. Инфратузилма билан боғлиқ шикоятлар кўпайган: мактаб-боғчаларда ходимлар етишмайди, шифокор қабулига кириш учун бир неча ой аввалдан навбат олиш керак. Давлат ташкилотларида эса 100 мингдан ортиқ вакансиялар бор. Украина уруши ва энергетик инқироз фонида нарх-наволар ҳам ошган. Айниқса, энергия манбаларига талаб ошган сари нарх ҳам юқорилади. Янги канцлер эса консерваторча қараш билан АЭСларни қайтармоқчи.
Суҳбатнинг тўлиқ форматини Kun.uz’нинг YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Путин: «Курскда асир тушганларга террорчилардек муносабатда бўлинади»
Жаҳон | 18:08
-
Париж кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилди
Ўзбекистон | 17:56
-
Кутилмаган туҳфа, олий мукофот, ўзбекча гапирган Макрон — Ўзбекистон–Франция муносабатларида янги саҳифа
Ўзбекистон | 17:53
-
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси АҚШдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Ўзбекистон | 17:39
Мавзуга оид

12:45 / 10.03.2025
Германия темирйўл компанияси поездлар кечиккани учун 196,8 млн евро тўлади

10:27 / 10.03.2025
Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

20:44 / 09.03.2025
Ҳамбург аэропорти иш ташлашлар сабаб бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўйди

23:28 / 08.03.2025