Жаҳон | 00:10 / 13.03.2025
6672
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Россияга алоқадор навбатдаги «крипто қироли» ҳибсга олинди

У пул ювиш, санкцияларни бузиш мақсадида тил бириктириш ва лицензиясиз бизнес юритишда гумонланмоқда.

Фото: Pexels

Ҳиндистонда Россияга алоқадор яна бир криптовалюта бозори иштирокчиси қўлга олинди. Москва давлат университетини тамомлаган 46 ёшли Литва фуқароси Алексей Бесчоков АҚШ сўровига кўра ушланган. У пул ювиш, санкцияларни бузиш мақсадида тил бириктириш ва лицензиясиз бизнес юритишда гумонланмоқда.

Тахминларга кўра, қўлга олинган шахс россиялик фойдаланувчиларга криптовалюта беришни тўхтатиб қўйган Garantex криптобиржаси маъмурларидан бири ҳисобланади — унинг ҳисобрақамларида 2,5 миллиард рублдан ортиқ маблағ «осилиб қолган».

Garantex тергов ишидан хабардор манбага кўра, ҳозирда Бесчоков Деҳлида бўлиб, у АҚШга экстрадиция қилинади. Киберхавфсизлик бўйича мутахассис ва The Washington Post’нинг собиқ журналисти Браян Кребснинг маълум қилишича, ҳинд ҳуқуқ-тартибот органлари уни оиласи билан Ҳиндистон қирғоқларида дам олаётганида қўлга олган.

Бунга қадар криптобиржа маъмурларини қидириш ишлари «уйқу» режимида амалга оширилган. 7 март куни у АҚШ, Германия ва Финландия ҳуқуқ-тартибот органларининг қўшма операцияси натижасида «музлатилгач», махсус хизматлар фаоллашган.

2002 йилда Москва давлат университетининг ҳисоблаш математикаси ва кибернетика факултетини тамомлаган Бесчоков Виржиния штати округ судининг феврал ойидаги қарори доирасида ҳибсга олинган. У БААда яшовчи россиялик Александр Мира Серда билан пул ювиш мақсадида тил бириктирганликда гумонланмоқда. Суд маълумотларига кўра, биржа Москвада жойлашган. АҚШ Молия вазирлигининг маълум қилишича, Бесчоков Garantex’нинг бош техник маъмури бўлиб, транзакцияларни текшириш ва маъқуллашга масъул.

24 феврал куни Евроиттифоқ мазкур криптобиржага нисбатан янги чеклов пакетларини жорий этди. Унда айтилишича, Garantex ЕИ «қора рўйхати»даги Россия банклари билан яқин алоқада. Хусусан, платформа фойдаланувчилари Сбербанк, Т-Банк ва Алфа-банк карталаридан фойдаланиб, маблағларни бошқариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрида Полшада АҚШ сўровига кўра Wex криптомайдони собиқ эгаси Дмитрий Василев қўлга олинган эди. Ушбу қулаган криптобиржа ҳисобларидан дунёнинг турли давлатларидаги инвесторларга теигшли 500 миллион доллардан 1 миллиард долларгача маблағ ўғирланган. Октябр ойида эса Португалияда Gotbit криптовалюта компанияси раҳбари Алексей Андрюнин қўлга олинганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид