Ўзбекистон | 19:54 / 13.03.2025
7778
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция стратегик шерик бўлди. Мақсадлар ва манфаатлар нима?

11-12 март кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Францияга давлат ташрифини амалга оширди. Бу ташриф чоғида тарихий келишувга эришилди: Ўзбекистон ва Франция республикалари ўртасида Стратегик шерикчилик тўғрисидаги келишув имзоланди.

Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида айнан Франция билан муносабатлари энг динамик, изчил ижобий характерга эга.

Президент Мирзиёев Европа Иттифоқи давлатлари ичида биринчи бўлиб 2018 йилнинг октябрида Францияга борган эди. Кейинги йилларда Ўзбекистон-Франция муносабатлари фақат ўсиб бормоқда. 2022 йилнинг ноябр ойида Мирзиёев яна Францияга ташриф буюради. Ўтган 2024 йилда эса Ўзбекистонга Франция президенти Макрон келган эди. Хўш, Франция ва Ўзбекистоннинг ўзаро яқинлашувидан, стратегик шериклигидан мақсадлар, манфаатлар нима?

Аввало, Франция ҳақида. Франция – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзосидан бири. Европа Иттифоқидаги ягона ядровий салоҳиятга эга давлат. Европа Иттифоқидаги икки йирик лидер давлатнинг бири. Аҳоли сонига кўра ҳам, ярим миллиардлик Европа Иттифоқи давлатлари ичида, 83 миллионлик Германиядан кейинги иккинчи давлат – Франция аҳолиси 67 миллиондан ошади. Иқтисодий жиҳатдан эса, ялпи ички маҳсулот ҳажмига кўра, дунёда биринчи ўнталикка киради.

Ўзбекистон эса, аҳоли сонига кўра постсовет ҳудудидаги де-факто иккинчи йирик давлат, Россия Федерациясидан кейин туради. Марказий Осиё аҳолисининг салкам ярми Ўзбекистонда яшайди. Туркий дунёда ҳам Ўзбекистон Туркиядан кейинги иккинчи йирик давлат. Мусулмон дунёсида ҳам, аҳоли сони бўйича иккинчи ўнталикда, Саудия Арабистонидан олдинда туради. Марказий Осиёнинг геосиёсий калитлари, айнан Ўзбекистоннинг қўлида. Чунки минтақанинг барча давлатлари билан чегарадош ягона давлат – Ўзбекистон. Шунингдек, Афғонистон ҳам қўшнимиз. Иқтисодий жиҳатдан, Ўзбекистон ривожланиш йўлига тушиб олди, ва кейинги йилларда иқтисодий потенциали фақат ошиб боради.

Ўзбекистон учун, геосиёсий ва геоиқтисодий диверсификация – жуда муҳим. Фақат бир-икки қудратли қўшни давлатлар билан барча иқтисодий, геоиқтисодий ва геосиёсий муносабатларни боғлаб қўйиш – ҳар қандай давлатнинг стратегик манфаатларига жавоб бермайди. Франция, бу айни пайтда Европа Иттифоқининг лидерларидан бири бўлар экан, у билан алоқалар – Европа континенти ва Иттифоқи билан алоқаларни янги даражага олиб чиқиш деганидир.

Ушбу ташриф мобайнида Ўзбекистон ва Франция ўртасида 6,5 млрд евролик сармоя лойиҳалари имзоланди. Франциянинг технологияларини Ўзбекистонга олиб келиш бўйича келишувларга эришилди.

Қолаверса, биринчи маъмурият бошқаруви даврида, Ўзбекистоннинг халқаро репутацияси анча салбийлшиб қолган эди. Франция билан, демакки, БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоси ва ЕИ лидерларидан ҳисобланмиш демократик давлат билан ижобий муносабатлар – Ўзбекистоннинг глобал майдондаги ижобий репутациясининг мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Франция учун ҳам, Ўзбекистон билан алоқаларнинг иқтисодий, геосиёсий, маданий томонлари бор. Франция электр энергиясининг 70 фоизини атом электр станцияларидан олади. Бунинг учун уран импортига муҳтож. Ушбу ресурсни Франция, жумладан, Ўзбекистондан ҳам сотиб олади. Қолаверса, француз компаниялари Ўзбекистонда янги лойиҳалар орқали кўплаб даромадли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.

Франция Марказий Осиё давлатларининг геосиёсий мустақиллигини мустаҳкамлашдан ҳам манфаатдор. Марказий Осиё – геосиёсий чорраҳада жойлашган минтақа. Шимолда – Россия Федерацияси, шарқда – Хитой Халқ Республикаси, ғарбда – Брюссел ва Вашингтон, жанубда эса – Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва араб дунёси борки, уларнинг ҳам МО билан ўзаро алоқалари ва манфаатлари мавжуд. Мана шу фонда, Европа Иттифоқи, жумладан, Франция Марказий Осиё давлатлари “шимол-шарқ геосиёсий тандеми”нинг босими остида, монополияси остида қолиб кетишини истамайди. Минтақада геосиёсий диверсификация, тақсимланиш бўлишидан манфаатдор.

Ушбу давлат ташрифи мобайнида Ўзбекистон президенти Мирзиёев Франциянинг Фахрий легион ордени билан мукофотланди. Бу орден, Франция императори Наполеон томонидан 1802 йилда таъсис қилинган. Бу орденнинг бир қанча даражалари мавжуд. Президент Мирзиёевга энг юқори даражадагиси топширилди.

Ўзбекистон ҳам Францияга ўхшаб – республика. Ўзбекистон ҳам, Конституцияга кўра, ҳуқуқий-демократик давлат. Ўзбекистон ҳуқуқий давлатчилик, демократия ва инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотларни олиб бормоқда. Бу ислоҳотларнинг изчиллиги, муваффақияти – Ўзбекистоннинг глобал майдондаги рақобатдошлигини, репутациясининг ижобийлигини, давлатнинг қудратини белгилаб берувчи энг муҳим омил бўлади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид