Ўзбекистон | 22:06 / 14.03.2025
1438
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тоифадаги абитуриентларга қўшимча грант ажратилади

Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож абитуриентлар орасида ўтиш балининг камида 80 фоизини тўплаганлар кетма-кет танлаб олинади.

Фото: Kun.uz

Ҳукумат қарорига кўра, бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига нисбатан 10 фоизгача бўлган миқдорда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган ижтимоий тоифадаги абитуриентлар учун давлат гранти асосидаги қўшимча қабул параметрлари ажратилади.

Бунда муайян бакалавриат таълим йўналиши бўйича давлат грантига ўтиш балининг 80 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган белгиланган тоифадаги абитуриентлар ажратилган давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда талабаликка тавсия этилади.

Мазкур имтиёз абитуриент рўйхатдан ўтишда танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига ҳамда ушбу таълим йўналишига киришда Давлат комиссияси томонидан давлат грантига белгиланган минимал ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга нисбатан қўлланади.

Бундан ташқари, ўзлаштириши юқори бўлган ижтимоий тоифадаги талабаларга фоизсиз таълим кредити берилади. Яъни белгиланган тоифадаги талабалар учун 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи (GPA — grade point average) «3,5» ва ундан юқори бўлганда кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити ажратилади.

Мавзуга оид