Жаҳон | 16:59 / 14.03.2025
2140
2 дақиқада ўқилади

Суриянинг янги президенти 5 йиллик ўтиш даври учун конституциявий декларацияни имзолади

Ҳужжат билан ҳокимиятлар бўлиниши, суд тизими мустақиллиги мустаҳкамланган, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари, сўз ва ОАВ эркинлиги кафолатланган.

Фото: Reuters

Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа беш йил давомида амалда бўладиган вақтинчалик конституциявий декларацияни имзолади, деб хабар беради Al-Jazeera.

Ал-Шаръа ҳужжатни имзоларкан, бу «Сурия янги тарихи»нинг бошланиши бўлишига умид билдирди.

Декларацияда Суриянинг эски Конституцияси баъзи бандлари, жумладан, мамлакат президенти мусулмон бўлиши кераклиги, ислом ҳуқуқи эса республикада қонунчиликнинг асосий манбаи бўлиб қолиши сақланиб қолган.

Шунингдек, ҳужжат ҳокимиятлар бўлиниши ва суд мустақиллигини мустаҳкамлайди, аёллар ҳуқуқлари, сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини кафолатлайди. Бундан ташқари, декларацияда Башар Асад тузуми даврида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Янги Халқ кенгаши қонунчилик учун тўлиқ жавобгар бўлади. Конституциявий декларация Сурия халқ кенгашига (парламентга) президентни лавозимидан четлатиш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқини беради. Аммо амалда буни қилиш қийин бўлади, чунки унинг таркибининг учдан бир қисми президентнинг ўзи томонидан, қолган учдан икки қисми эса президент томонидан сайланган қўмита томонидан тайинланади.

2024 йил декабр бошларида Сурия президенти Башар Асадга қарши бўлган мухолифат кучлари Дамашққа кириб, ҳокимиятни эгаллади. Асад оиласи билан Москвага қочиб кетди. Асадга қарши мухолифат кучларига «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилик қилди. Ўтиш даврида Суриянинг президенти этиб гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа тайинланди.

2025 йил март ойида Суриянинг Асад тарафдорлари — алавийлар исён кўтарди. 10 март куни Сурия Мудофаа вазирлиги «ағдарилган режим қолдиқларига қарши ҳарбий операция» якунланганини эълон қилди. Сурия инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази маълумотларига кўра, 6-9 март кунлари ҳукумат таъсиридаги кучлар 39 та оммавий ва кўплаб индивидуал қатлларни амалга ошириб, жами камида 973 кишини ўлдирган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид