Жаҳон | 19:47 / 16.03.2025
7418
11 дақиқада ўқилади

Сурияда алавийлар қирғини: янги ҳукумат буни ҳал қилишга ваъда бермоқда, аммо саволлар очиқ қолмоқда

Яқинда Сурия ғарбида юз берган зўравонлик оқибатида юзлаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Одамлар қўшни Ливанга ёки Россиянинг Хмеймим авиабазасига қочиб жон сақлаган. Мамлакатнинг янги ҳукумати хотиржамликка чақирмоқда ва вазиятни ҳал қилишга ваъда бермоқда, аммо таҳлилчилар фикрича, можарони тезда ҳал қилиб бўлмайди ва янги фуқаролар уруши истиқболлари кўринмоқда.

Фото: Reuters

Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ўтган ҳафтанинг пайшанба кунидан бери тинч аҳоли вакилларидан 111 нафари ўлдирилганини тасдиқлади, аммо ҳақиқий рақамлар анча катта экани тахмин қилинмоқда.

Агентлик бу қотилликларнинг аксариятини судсиз ва терговсиз қатллар деб ҳисоблайди, афтидан, улар диний сабабларга кўра, айниқса, асосан алавийлар яшайдиган ҳудудларда амалга оширилган. Баъзи ҳолларда бутун оилалар ўлдирилган.

Буюк Британияда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиш маркази маълумотларига кўра, тартибсизликлар пайтида 1300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, бу қотилликлар асосан Ўрта Ер денгизи соҳили бўйидаги Латақия ва Тартус вилоятларида рўй берган. Душанба куни марказ кузатувчилари ўлдирилганлардан 1000 га яқин тинч аҳоли вакиллари бўлгани, уларнинг аксарияти янги ҳукуматга алоқадор ёки унга содиқ бўлган жангарилар томонидан ўлдирилганини маълум қилди. Бу одамларни Суриянинг янги ҳукмдорлари куч тузилмалари ўлдиргани ҳақидаги даъволарни тасдиқлаш имконсиз.

Манбаларга кўра, янги ҳукумат хавфсизлик хизматининг 230 нафар ходими ва Асад тарафдорлари бўлган 250 нафар жангари ҳам ҳалок бўлган.

Фото: EPA

Ўтган йилнинг декабр ойида Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги Сурия мухолифати кучлари президент Башар Асадни ҳокимиятдан ағдариб, 600 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 13 йиллик фуқаролар урушига чек қўйганидан сўнг, Сурияда нисбатан тинчлик ўрнатилиб, мамлакатга қочқинлар қайтиб кела бошлаганди.

Бироқ янги ҳокимият ўрнатилганидан кўп ўтмай, собиқ президент тарафдорлари – асосан Асаднинг ўзи каби алавийлар – Суриянинг асосан алавийлар яшайдиган шимоли-ғарбий соҳилларида янги ҳукуматга қарши қўзғалон кўтарди.

Асад армиясининг собиқ бригада генерали Гиат Далла амалдаги ҳукуматга қарши исён эълон қилиб, «Сурияни озод қилиш бўйича ҳарбий кенгаш» тузилишини маълум қилди. Айрим маълумотларга кўра, қуролларини топширишдан бош тортган Асад режимининг собиқ хавфсизлик хизмати зобитлари тоғларда қаршилик гуруҳини тузмоқда.

Бунга жавобан аш-Шаръа бошчилигидаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи ва унинг иттифоқчилари жангарилари ҳудудда тозалаш амалиёти бошлади.

Пайшанба куни денгиз бўйидаги Жабла шаҳрида исёнчилар қўйган пистирмада хавфсизлик хизматининг 13 нафар ходими ҳалок бўлди. Бунга жавобан расмийлар минтақага қўшимча кучлар юборди, уларга қуролли гуруҳлар ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи айрим шахслар қўшилди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, улар ҳудуд бўйлаб алавийларнинг шаҳар ва қишлоқларини тинтув қилиб, аҳолини ўлдирган, уйлар ва дўконларни талаган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вакили Тамин ал-Хитан сешанба куни минтақадан «даҳшатли зўравонлик кўлами» ҳақида хабарлар келишда давом этаётганини айтди.

«Қатор ўта ташвишли ҳолатларда бутун бошли оилалар, жумладан, аёллар, болалар ва жангга кирмаган шахслар ўлдирилган, бунда асосан алавийларнинг шаҳар ва қишлоқлари нишонга олинган, – деди у. – Идорамиз томонидан тўпланган кўплаб далилларга кўра, жиноятчилар уйларга бостириб кириб, аҳолидан уларнинг кимлигини - алавийларми ёки суннийларми, деб сўраб, кейин уларни ўлдиришган ёки уларга раҳм қилишган».

Хитаннинг сўзларига кўра, Асад тарафдорлари Латақия, Тартус ва Баниясдаги бир қанча шифохоналарга ҳам ҳужум уюштирган. Улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга киришган, натижада ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, беморлар ва шифокорлар жабрлангани айтилмоқда. Шифохона биноларига ҳам зарар етган.

Sana давлат ахборот агентлиги тўрт киши соҳил бўйидаги қишлоқда олинган видеолар орқали «тинч аҳолига қарши қонли жиноятлар» учун ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, сешанба куни маҳаллий аҳолининг хабар беришича, вазият бироз яхшиланган – тунда фақат аҳён-аҳёнда ўқ овозлари эшитилган.

Фото: Reuters 

Бироқ, тинч аҳоли вакилларидан кўпчилиги зўравонлик такрорланишидан қўрқиб, уйларини тарк этган. Улар қўшни Ливан ва Россиянинг Латақиядаги Хмеймим авиабазасидан бошпана изламоқда. Баъзилари қишлоқ жойларда ёки мактаб биноларида яширинган.

Сўнгги кунларда 6 мингдан ортиқ киши чегара орқали Ливан шимолига қочиб ўтди, деб хабар берди душанба куни БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги вакили Лиза Абу Холид.

New York Times видеолар ва сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб чиқиб, тинч аҳоли вакиллари Россиянинг Хмеймимдаги авиабазаси ва Латақия халқаро аэропорти ҳудудида яширинганини тасдиқлади.

Дам олиш кунлари олинган видеоларда кўп сонли одамлар база олдида плакатларни силкитиб, «Биз халқаро ҳимояни хоҳлаймиз» деб ҳайқираётганини кўриш мумкин. Planet Labs тижорий сунъий йўлдош компанияси томонидан шанба куни олинган тасвирларда база ичидаги йўлларда пайдо бўлган юзлаб автомобилларни кўриш мумкин. Видеолардан бирида болалар ва аёллар Россия ҳарбий машиналари олдидан ўтаётгани, ҳарбий либосдаги кишилар уларга озиқ-овқат тарқатаётгани кўринган. Шунингдек, аэропорт ҳудудида ўндан ортиқ ҳарбий чодирлар ўрнатилган.

Янги ҳукумат учун «биринчи синов»

Аш-Шаръа ўтган якшанба куни ҳукумат зўравонликни текшириш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш учун фактларни аниқлаш қўмитасини тузаётганини айтди. Сурия расмийлари тартибсизликларда Асад тарафдорларини айбламоқда ва ҳозирча қон тўкиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Бироқ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тинч аҳолининг ўлдирилиши акс этган видеолар пайдо бўлгач, ҳукумат хавфсизлик кучлари бир неча жангарини ҳибсга олди.

Фото: Getty Images 

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк сешанба куни Суриянинг янги ҳукуматини «тезкор, пухта, мустақил ва холис тергов»ни таъминлашга чақирди, дейилади баёнотда.

Financial Times хабарида қайд этилишича, Асад тарафдорларининг ҳужумлари қулаган режим тарафдорлари исён кўтариши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар рўёбга чиқиши бўлди.

«Бу ҳокимият учун биринчи ҳақиқий ички синов эди. Улар муваффақиятсизликка учради, – деди Financial Times учун берган интервюсида International Crisis Group’нинг Сурия бўйича таҳлилчиси Нанар Хавач. – Янги ҳукуматнинг қонунийлиги ҳозир шубҳа остида».

Энди Шаръа режими олдида танлов турибди. У узоқ муддатли таҳдидга айланиб кетмаслиги учун бошланаётган исёнчилик ҳаракатини тўхтатиши, ўзининг кўплаб сурияликлар (айниқса озчиликлар) ҳамда у санкцияларни юмшатишга интилаётган ҳукуматлар олдидаги обрўсига путур етказган мазҳаблараро зўравонликни жиловлаши керак.

Суриядаги Etana тадқиқот ташкилотининг аноним қолишни истаган эксперти сўзларига кўра, соҳил ҳудуди – Асад тарафдорлари гуруҳларини, жумладан, хориждаги режим тарафдорлари ёрдамида сафарбар қилиш учун «унумдор тупроқ»дир. Янги ҳукуматнинг армияни тарқатиб юбориш ва маош тўлашни тўхтатиш тўғрисидаги қарори туфайли минглаб собиқ жангчилар кун кечира олмаяпти.

Армия йўқлиги

Шаръанинг муаммоларидан бири – интизомли армиянинг йўқлиги, дея таъкидлайди FT. Таҳлилчилар Ички ишлар вазирлиги хавфсизлик кучларининг катта қисмини ташкил этувчи ҲТШ жангчилари бошқалардан кўра яхшироқ тайёрланган деб ҳисобласа-да, мамлакатда Асаднинг фуқаролар уруши давридаги ваҳшийликлари учун қасос олишни истайдиган кўплаб қуролли гуруҳлар ва жангарилар мавжуд.

Конфессиялараро зўравонликка алоқадор деб ҳисобланганлар орасида асосан мамлакат шимолида ҳаракат қилаётган исёнчи гуруҳларни бирлаштирган Туркия томонидан қўллаб-қувватланаётган Сурия миллий армиясининг бир қисми ҳам бор эди.

Таҳлилчилар ҳисоблашича, Суриянинг турли нуқталарида ҳаракат қилаётган исёнчи гуруҳлар Мудофаа вазирлигининг тўлиқ назоратига ўтмасдан туриб, Сурия билан узоқ муддатли барқарорлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Шаръа бу гуруҳларни тарқатиб юбормоқчи, аммо ҳукумат уларга пул тўлашни бошламагунча, фракцияларни армияга қўшиш ёки тинчликни сақлаш учун профессионал кучларни сафарбар қилиш осон бўлмайди.

Масаланинг молиявий томони эса Ғарб билан алоқаларни йўлга қўйиш ва Асад режимига қарши жорий қилинган санкциялар бекор қилинишига боғлиқ. Лекин ҳозирча бу реал бўлиб кўринмаяпти.

Ҳокимият ўтказилиши чўзилиши

Шарқшунос Руслан Сулаймонов BBC билан суҳбатда Сурия шимоли-ғарбида содир бўлаётган воқеалар мамлакатдаги сиёсий транзит чўзилиб кетиши натижаси эканини таъкидлайди.

Асад ҳокимиятдан ағдарилганининг иккинчи кунида тузилган ҳукумат иш муддати 1 мартгача белгиланганди, аммо у ҳозир ҳам ишламоқда. Ҳеч қандай янги ўтиш даври ҳукумати пайдо бўлмади. Озчиликларга ваъда қилинган ҳуқуқлар ҳам берилмади. Жойлардаги воқеалар, ҲТШ жангариларининг рейдлари, озчилик вакилларига ҳужумлар давом этди, деб эслатади у.

Сулаймоновнинг таъкидлашича, алавийларнинг жиддий ҳомийлари йўқ – масалан, ўз қуролли кучларини яратишда ёрдам берган америкаликлар билан яхши муносабатларга эга бўлган курдлардан фарқли ўлароқ. Шунинг учун улар билан тинчлик музокаралари олиб борилмоқда ва душанба куни кечқурун курд отрядларини Сурия армиясига қўшиш бўйича келишувга эришилди. Друзлар уларни хафа қилмасликка ваъда берган Исроил билан яқин алоқада. Алавийларда эса бундай қўллаб-қувватлаш йўқ.

Яқинда Суриядан қайтган Сулаймоновнинг таъкидлашича, мамлакатда, бир томондан, «эркинликдан мастлик» бор, сурияликлар амалдаги ҳокимиятни эркин муҳокама қилмоқда, бошқа томондан эса ноаниқлик ҳисси бор. Кўпчилик мамлакат учун очилган имкониятлар ойнаси узоқ давом этмаслигидан ва исталган вақтда ёпилиб қолишидан хавотирда.

«Чунки, барибир, барча ҳукуматга «Ал-Қоида», ИШИД каби террорчилик гуруҳларидан чиққанлар келгани, айниқса оддий жангарилар бошқа мафкурани, бошқа усулларни билмаслигини хаёлидан чиқара олмайди, – дейди эксперт. – Бу гуруҳлар, айниқса, ИШИД бизга қандай муносабатда бўлгани, шунчаки ўлдиргани, бошларни кесгани ва ҳоказоларни эслашнинг ўзи кифоя. Одамлар буни ёддан чиқармайди, лекин ёмон нарсалар ҳақида ўйламасликка ва сиёсий транзит оғриқсиз бўлишига умид қилади».

Шу билан бирга, Сулаймонов Суриядаги вазият Ливан сценарийси бўйича ривожланишини истисно этмайди: барча барчага қарши фуқаролар уруши. Мамлакатнинг келажаги кўп жиҳатдан Шаръа ҳукуматининг қандай ва ким билан келиша олишига, берган ваъдаларини қай даражада бажаришига боғлиқ.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти