Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, маҳаллалар ободлиги ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Қайд қилинишича, оқова тармоғини кенгайтириш учун бюджетдан ҳар йили триллионлаб маблағ сарфланмоқда. Лекин шунга қараб қолмасдан, соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, маҳаллий тадбиркор Осиё тараққиёт банки иштирокида Олмалиқ, Бекобод, Ангрен ва Чирчиқ шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотларини қуряпти. Яна бир тадбиркор Андижондаги иккита туманда сув ва оқова хизматларини хусусий бошқарувга олиш ташаббуси билан чиққан. Шу каби хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш, йирик корхоналарнинг халқаро тендерларда қатнашиш имконини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Энди тендерларни тезлаштириб, йил якунигача 850 миллион долларлик ишларни бажариш топшириғи берилди.

Яна бир муҳим вазифа – соҳани рақамлаштириш. Бунинг учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган. Беш йилда йирик сув иншооти ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та “ақлли” ҳисоблагич, 2 минг 800 та телеметрия тизими ўрнатиш кўзда тутилган. Бу электротехника саноати учун катта бозор экани қайд этилиб, ҳисоблагич ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларга хизмат кўрсатишни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

Иссиқлик таъминоти табиий газ энг кўп сарфланадиган соҳалардан бири. Кейинги беш йилда иссиқлик тизимларини тиклаш учун 19 триллион сўм йўналтирилади. Марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизга етади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқ берилди. Қайд этилганидек, 9 мингта уй-жой ва бинолар ёпиқ иситиш тизимига ўтказилади. Натижада иссиқлик йўқотилиши 2 баробар, газ истеъмоли 20 фоизга камаяди.

Йиғилишда баҳорги экиш тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳокимликлар захирасида турган ерларни ажратишнинг соддалаштириш чоралари белгиланди. Энди қишлоқ ерларини аукционда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш бекор қилинади. Аукционда сотилмаган ернинг қиймати кейинги савдоларда кунига 10 фоиздан пасайтирилади. Такрор аукционда битта иштирокчи қатнашса ҳам, ғолиб ҳисобланади. Ернинг 10-20 фоизи чорва учун озуқа экишга чиқарилади.