Жаҳон | 09:10 / 25.03.2025
3233
3 дақиқада ўқилади

Паспортини ўғирлатган германиялик йигит тўрт йилдан бери ишга жойлаша олмаяпти

Лондонда шахсий гувоҳномаси ўғирланган 24 ёшли Германия фуқароси Рами Баттих 2019 йилдан бери ўз исми билан амалга оширилган жиноятлар туфайли ишга жойлаша олмаяпти, деб хабар бермоқда The Guardian.

Фото: The Guardian

Баттихнинг сўзларига кўра, бу воқеа унинг ҳаётини остин-устун қилган. У Боннда яшаётганига қарамай, иш берувчилар томонидан амалда «қора рўйхат»га киритилган.

Унинг «қўрқинчли туши» 2019 йилда, Лондонга қилган саёҳати чоғида бошланган.

У ўшанда паспорти ва Германия миллий гувоҳномаси билан саёҳат қилган. Бироқ қайтиб келгач, шахсий гувоҳномаси йўқолганини ёки ўғирланганини аниқлаган. Баттих кўп ўйламасдан янгисини расмийлаштирган ва орадан икки йил ўтиб «Vodafone Finance»да касбий ўқувини якунлаган. Унга иккита иш таклифи тушган: бири — «Vodafone»да, иккинчиси — маҳаллий солиқ инспекциясида.

Бироқ иш бошлаш имкони йўқ эди: иш берувчи томонидан ўтказилган текширув натижасида, у Лондонда судланган шахс сифатида қайд этилгани аниқланган.

«Мен бунга ишонолмасдим. Судланган инсон мен эмаслигим, айбсизлигим ва ўша пайтда Буюк Британияда бўлмаганимни исботловчи ҳужжатларим борлигини айтдим. Ўша вақтда мен Тунисда бўлганман, паспортимда тегишли муҳрлар бор. Бироқ менга шунчаки «сизнинг сўзингизга ишона олмаймиз», дейишди”, — дея ҳикоя қилади Рами.

2021 йилда унинг гувоҳномаси орқали бошқа бир эркак судланиб, Лондондаги Вуд-Грин суди томонидан 18 ойга қамалган. Суд жараёнида шахслар адаштирилгани аниқ бўлган ва Лондон полициясидан хатони тузатиш талаб қилинган.

Бироқ полициячиларни ишонтиришга уринишлар натижа бермаган. 14 ойдан сўнг ўша жиноятчи Рами исмидан яна фойдаланиб, янги жиноятлар содир этган.

«Мен ҳаётим тугади, деб ўйладим. Суд менинг айбсизлигимни тан олди-ку?! Нега улар ҳали ҳам исмимни базадан ўчирмаяптилар? Мен ниҳоятда тушкун аҳволдаман», — дея кечмишидан гапиради у.

Ўтган йили у Лондон полициясига расман мурожаат қилган. Аммо ҳали-ҳануз базадан унинг исми ўчирилмаган. Унинг таъкидлашича, полициягина судланиш билан боғлиқ қайдларни ўзгартириш ҳуқуқига эга.

Ҳозирда Рами 24 ёшда ва иш топа олмаётгани учун машинасини сотган, барча ҳисоб-китобларини шу пул билан тўлаган. У ҳозир жамоатчиликка мурожаат қилмоқда, чунки бошқа ечими қолмаган.

«Бу фирибгарлик ҳаётимни остин-устун. Ишга жойлаша олмаяпман. Илтимос, керак бўлса, бармоқ изларимни, соч тукимни беришга ҳам ҳам розиман… Мен бундан кейин бундай яшай олмайман. Мен айбсизман ва бирор жиноят содир этмаганман», — деб ёзган у Лондон судига.

Мавзуга оид