Жаҳон | 08:15 / 26.03.2025
2107
3 дақиқада ўқилади

Россияда талабаларни армиядан қолдиришни бекор қилиш таклиф этилди

Россия Давлат думаси депутати Виктор Соболев RTVI телеканалига берган интервюсида мамлакатда умумий ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонун жорий қилиниши лозимлигини айтди.

Фото: «Москва» агентлиги

Унга кўра, барча фуқаролар, ўқиш ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар, армияда хизмат қилиши керак. Соболев бу масалада «ярим чоралар» қабул қилинмаслиги лозимлигини таъкидлаб, Европа мамлакатлари уруш таҳдиди солаётгани, Украинадаги можаро якуни ноаниқ экани ва АҚШ «Украинани ўз қаноти остига олишга интилётгани»ни асос сифатида келтирди.

«Ана энди жиддий ишлар билан шуғулланиш вақти келди: тиббий томондан қарши кўрсатма бўлмаган барча фуқаролар учун мажбурий хизмат жорий қилиш керак. Агар умумий ҳарбий мажбурият бўлса, ўқиш ёки бошқа сабабларга қарамасдан ҳамма хизмат қилади. Ягона истисно — соғлиқ билан боғлиқ ҳолат бўлади», — деган депутат.

У шунингдек, Давлат дума томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган ва яшаш жойини алмаштириш ҳақида ҳарбий комиссариатга хабар бермаганлик учун жарималарни оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам изоҳлади. Соболевнинг сўзларига кўра, бундай хатти-ҳаракатлар «ҳарбий хизматдан қочишнинг бир тури» ҳисобланади. «Албатта, жазо кучайтирилди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бундай бўшлиқларни ёпиш керак», — деди у.

Март ойи бошида «Ахмат» махсус бўлинмаси командири Апти Алаудинов ҳам шунга ўхшаш фикр билдириб, Европа билан уруш учун «бир неча миллион» эркакни чақириш ҳақида ўйлаш лозимлигини айтган эди. У «агар умумий ҳарбий сафарбарлик масаласи кун тартибига чиқса, камида икки миллионлик армия тузиш керак, шунда душманларимиз қайта тикланолмайдиган ҳолатга тушиб қолади», деб таъкидлаган эди.

Январ ойида РФ Давлат думаси «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунда ўзгартишлар киритишни таклиф қилганди. Бу ўзгартишлар чақирув комиссияларига аввал қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқини бериши мумкин.

Ҳозир қонуннинг 28-моддасига кўра, бундай комиссия чақирувчини армияга, муқобил хизматга йўллаш, қолдириш, захирага ўтказиш ёки бутунлай озод этиш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Аммо «Коммерсантъ» ўрганган янги лойиҳага кўра, агар маълум бир «шароитлар» юзага келса, бу қарорлар қайта кўриб чиқилиши мумкин. Айнан қандай «шароитлар» назарда тутилаётгани лойиҳада очиқ ёзилмаган.

Мавзуга оид