Ўзбекистон | 16:11 / 27.03.2025
1943
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими сифати бўйича дунёда 64-ўринни эгаллади

Мамлакат бу борадаги етакчи давлатлардан 2 баробар орқада экани маълум бўлди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими сифати бўйича 2024 йилда дунё мамлакатларининг Ceoworld Magazine рейтингида 110 та давлат орасида 64-ўринни эгаллади.

Рейтинг тиббиёт инфратузилмаси ва мутахассислар, дори-дармонларнинг мавжудлиги ва арзонлиги, ҳукумат дастурларининг ҳисоби асосида соғлиқни сақлаш тизимига умумий баҳо беради. Ўзбекистон 100 балли тизимда 36,26 балл тўплаган.

Дунё рейтингида Тайван (78,72), Жанубий Корея (77,7) ва Австралия (74,11) соғлиқни сақлаш тизимлари энг яхши деб тан олинди, Ўзбекистон улардан 2 баробар орқада.

Рейтингда Россия (42-ўрин), Озарбойжон (57-ўрин), Беларус (61-ўрин), Украина (76-ўрин), Қозоғистон (78-ўрин) ва Туркманистон (95-ўрин) ҳам қайд этилган.

Дунё бўйича Салвадор, Ҳондурас ва Непал соғлиқни сақлаш тизимлари энг ёмон деб топилган.

Ушбу индекс соғлиқни сақлаш тизими умумий сифатининг статистик таҳлилини ўз ичига олади. Жумладан, соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, тиббиёт мутахассисларининг (шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимлари) малакаси; тиббий хизматлар нархи, сифатли дори воситаларини олиш имконияти ва ҳукуматнинг бу борадаги ишларда қанчалик тайёрлиги, атроф-муҳит ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси каби омиллар ҳисобга олинади.

Мавзуга оид