Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Зеландияда полиция хатоси сабаб 11 ёшли қиз руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди
Қиз интенсив психиатрия бўлимида 12 соатдан ортиқ қолиб кетган. Мазкур воқеа мамлакат аҳолиси ва амалдорларнинг ғазабига сабаб бўлди.
Янги Зеландияда полициячилар 11 ёшли қизни руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирди. У ерда қизга кучли таъсир қилувчи дори воситалари қилинган. Аммо кейинроқ қиз шифохонага полиция ходимларининг хатоси сабаб тушиб қолгани аниқланган: ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари уни касалхонадан қочиб кетган 20 ёшли бемор деб ўйлаган. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.
Газета маълумотларига кўра, мазкур ҳолат сиёсий етакчиларни «даҳшатга» солган ва мамлакат аҳолисининг ғазабига сабаб бўлган. Таъкидланишича, «нутқида камчиликлар мавжуд» қиз Ғарбий Ҳамилтоннинг шимолий қисмидаги кўприкдан ўтиб кетаётганида полиция машинасига дуч келган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари қизни шифохонага олиб борган ва у ерда қиз «интенсив психиатрик терапия бўлимига» жойлаштирилган. Шифохонадаги ҳамшира дарҳол шубҳага борган ва бемор «ёш болага ўхшашини» билдирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, имконияти чекланган қиз шифохона ходимларига ўзи ҳақида гапириб бера олмаган. Шундан кейин у дори ичишдан бош тортган ва унга мажбуран кучли таъсир қилувчи дорилар юборилган.
Полиция ўз хатосини орадан 12 соат ўтгач тушуниб етган. Бу вақт давомида қиз шифохонада ётган. Кейинроқ уни оила аъзолари олиб кетган.
Янги Зеландия ҳукумати ҳолат бўйича тергов ўтказишни ваъда қилди.