Ўзбекистон | 20:43 / 15.04.2025
2551
5 дақиқада ўқилади

15 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Андижонга ташриф, ЙПХ ходимига қаршилик қилган ҳайдовчи, Истанбулда эрини ўлдирган аёл, Leapmotor импортига шартли рухсат ва Сирдарёда қуриладиган паррандачилик фабрикалари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

ЙПХ ходимига қаршилик қилган ҳайдовчи

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Йўл патрул хизмати ходимига фаол қаршилик кўрсатган Cobalt ҳайдовчиси қамоққа олинди. Ижтимоий тармоқларда ходимлар билан ҳайдовчи ўртасидаги жанжал акс этгани тарқалган видеода ҳайдовчи ходимга мушт ургани ҳам аниқ кўринади.

Ички ишлар маълумотига кўра, ҳайдовчи қонунга зид равишда тўхтаганидан сўнг, ундан ҳужжат сўралганда бўйсунмай, қочишга уринган. Уни тўхтатиш чоғида қаршилик кўрсатиб жанжаллашган.

Қўлга олингач у ўз қилмишидан пушаймон эканини билдириб йиғлаган. Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, унинг автомобили жарима майдонига олиб кетилган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Истанбулда ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди

Туркия нашрлари Истанбулда ўзбекистонлик аёл ўз эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар тарқатмоқда.

ОАВ маълумотларига кўра, жанжал молиявий муаммолар сабаб юзага келган. Аёл 6 апрел куни турмуш ўртоғини пичоқ билан жароҳатлаб, тез ёрдам чақирган. Эркак шифохонада вафот этган.

Жуфтлик 4 йил аввал турмуш қурган ва бир фарзандли бўлган. Ҳозирда аёл ҳибсга олинган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилишича, фуқарога адвокат тайинланган ва у ҳуқуқий ёрдам олмоқда.

Айбланувчи аёлнинг холаси томони берилган маълумотларга кўра, марҳум эр рафиқасига мунтазам руҳий ва жисмоний босим ўтказган.

Leapmotor импортига рухсат, лекин шарти бор

Хитойнинг Leapmotor электромобиллари Ўзбекистонда қайта синовдан ўтиб, муомалага чиқишига шартли равишда рухсат берилди. Техник тартибга солиш агентлиги ва UzTest маркази 14 апрел куни Пискентда ўтказилган такрорий синовда ижобий хулоса чиқарди.

Бундан буён импорт учун компания мамлакатда расмий вакили — юртимизда рўйхатдан ўтган юридик шахсни белгилаши шарт. Шунингдек, барча моделлар бўйича ҳужжатлар тақдим қилиниши, ишлаб чиқариш шароити ўрганилиши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январда бекор қилинган расмий дилер шартлари 2024 йил апрелидан қайта жорий этилган. Мартда C16 модели электромагнит шовқини юқорилиги сабаб рад этилганди. Энди бошқа намуна асосида синов қайта ўтказилиб, шу турдаги машиналарга рухсат берилди.

Президентнинг Андижонга ташрифи

15 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига ташриф буюрди.

Мирзиёев энг аввало модернизация қилинган Андижон халқаро аэропорти фаолияти билан танишди. 1978 йилда қурилган бу аэропорт ҳозирги талабларга жавоб бермасди. Модернизациянинг биринчи босқичи доирасида 3300 метрлик учиш-қўниш йўлаги, дренаж тизими ва самолёт тўхташ майдони қурилди.

ИКАО талабларига мос замонавий ускуналар ўрнатилмоқда. Бу йирик самолётларни ҳар қандай шароитда қабул қилиш имконини яратади. Кунлик парвозлар сони 10 баробаргача кўпаяди.

Иккинчи босқичда янги йўловчи терминали қурилиши режалаштирилган. Бу соатига 1000 нафар йўловчига хизмат қилиш имконини беради. Мирзиёев парвозлар сонини ошириш ва хизматларни арзонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Фақат биржа орқали сотиладиган маҳсулотлар белгиланди

2025 йил 15 июлдан бошлаб қатор маҳсулотлар фақат биржа орқали сотиладиган товарлар рўйхатига киритилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, хлорид ва нитрат кислоталари, суюқ азот ва хлор, натрий цианид, гипохлорит натрий, рух белиласи, ферромолибден, базалт, фосфорит ва доломит уни каби маҳсулотлар энди фақат Ўзбекистон товар-хомашё биржаси орқали эркин бозор асосида сотилади.

Бу талаб давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар ва уларга тегишли юрдик шахсларга ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, икки томонлама қарама-қарши аукцион тартиби жорий қилинади. Биржага чиқариладиган товарлар юқори ликвидли, сифатли ва мунтазам таклиф этиладиган бўлиши шарт.

Венгрия Сирдарёда 8 та паррандачилик фабрикаси қуради

Венгриянинг ZA-Invest Poultry компанияси Сирдарё вилоятида 130 гектар майдонда 8 та паррандачилик фабрикаси қуришни бошлайди. Лойиҳа доирасида инкубатор, сўйиш ва қайта ишлаш цехлари, озуқа заводи, музлаткич ва маъмурий бинолар ҳам барпо этилади. Корхоналарнинг умумий қуввати — йилига 16 млн дона бройлер товуқ ва 120 минг тонна омухта ем ишлаб чиқариш қилиб белгиланмоқда.

Бу ҳақда инвестициялар вазири Лазиз Кудратов ва венгриялик OTP Group раҳбари Гергей Покош учрашуви чоғида имзоланган ҳужжатларда маълум қилинди.

Лойиҳа OTP Green Fund маблағлари билан молиялаштирилади. Ўзбекистон Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси, Ипотека банк ва Meditop Pharmaceuticals ҳам лойиҳа доирасидаги шериклардан бири ҳисобланади.

Мавзуга оид