Жаҳон | 13:43 / 15.04.2025
1419
2 дақиқада ўқилади

Исроил Германия ТИВни ҲАМАС жангчиларини рағбатлантиришда айблади

Исроил армияси Ғазода ҲАМАС жангчилари яширинган шифохона биносига зарба берди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни қоралади. Исроил Германия Ташқи ишлар вазирлигини террорчиларни тинч аҳоли нишонларидан бошпана сифатида фойдаланишга ундаётганликда айблади.

Фото: AP

Германия ва Исроил ташқи ишлар вазирликлари ЦАҲАЛнинг Ғазо сектори шимолидаги ҲАМАС жангчилари яширинган Ал-Аҳли касалхонасига берган зарбаси юзасидан баҳс-мунозарага киришди. Идораларнинг хабарлари 13 апрел, якшанба куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилинди.

«Биз ҲАМАСнинг шафқатсиз террорига қарши курашишимиз керак. Лекин халқаро гуманитар ҳуқуқ, аҳоли пунктларини ҳимоя қилиш бўйича махсус мажбурият ҳам амал қилади. Қандай қилиб шифохонани 20 дақиқадан камроқ вақт ичида эвакуация қилиш мумкин?» — бу матн Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг аккаунтларида нашр этилган.

«Ғазода доимий ўт очишни тўхтатишга эришиш керак. Гаровга олинганларни озод қилиш ва инсонпарварлик ёрдами тўсиқларини очиш керак. Акс ҳолда, азоб-уқубат, нафрат ва кўчиш янада кучаяди», — дейилади баёнотда.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги матнга ҳавола берди ҳамда шундай изоҳ тақдим этди: «Биз ҲАМАСни фуқаролик инфратузилмасидан доимий равишда ўз мақсадлари учун фойдаланишга ундайдиган риторика эмас, балки шифохоналардан фойдаланишини аниқ ва қатъий қоралаш юз беришини кутамиз». Исроил томони Берлин баёнотида «афсуски, етишмаган» муҳим фактлар қолиб кетганини билдирди.

Мавзуга оид