Сумига иккиталик ракета зарбаси: Россия шаҳарга қандай ва нима билан ҳужум қилди?

Ukraine State Emergency Service / EPA / Scanpix / LETA
13 апрел куни Россиянинг Украинанинг Суми шаҳри марказига ракета ҳужуми натижасида ўттиздан ортиқ киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, юздан ортиқ киши яраланди – улар орасида 15 бола ҳам бор.
Россия мудофаа вазирлиги зарба нишони Украина қуролли кучлари қўмондонлик таркиби йиғилиши ўтказилган жой бўлганини хабар қилган, бироқ ракеталар тушган жойларга қаралса, россиялик ракетачиларда йиғилиш айнан қаерда ўтгани ҳақида аниқ маълумот бўлмаган.
BBC рус хизмати иккиталик зарба тафсилотларини ўрганиб чиқди ва ҳамон очиқ турган саволларга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Ракеталар қаерда портлаган?
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеоёзув кадрларига кўра, биринчи ракета Суми давлат университетининг Покровская кўчаси 9/1 манзилидаги конгресс-ҳолл биносида портлаган.
Бино ичида олинган кадрларда у жиддий даражада вайрон бўлганини кўриш мумкин.
Иккинчи ракета биринчисидан 140 метр узоқликда – Украина банк академияси биноларидан бири жойлашган Петропавловск кўчасидаги 57-уй ҳудудида портлаган.
Петропавловск майдонидаги портлаш жойидан бир неча квартал нарида бўлган автомобилнинг видеорегистратори томонидан олинган кадрларда ракета деярли тик тушганини кўриш мумкин. Ер сатҳида ёки унча катта бўлмаган баландликда аланга чақнаши ҳам кўринади.
Ракета бинога теккан ёки портлаш жуда яқин жойда содир бўлган – видеокадрлар ва фотосуратларда уйнинг бир қисми йўқ бўлиб кетганини кўриш мумкин.
Шу жой яқинида шаҳар автобуси турган, ундаги йўловчиларнинг аксари ҳалок бўлган.

Volodymyr Hordiienko / AP / Scanpix / LETA
Бу қандай ракеталар эди?
Зарбадан кейинги дастлабки соатларда ижтимоий тармоқлар ва матбуотда муҳокама қилинган версиялар орасида ракеталар зарарни ошириш учун кассетали жанговар қисмлар билан жиҳозлангани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди.
Бу ҳақда АҚШнинг Украинадаги элчиси Брижит Бринк ҳам ёзган.
Украина бош разведка бошқармаси маълумотларига кўра, зарба учун «Искандер-М/KN-23» ракеталаридан фойдаланилган.
Бироз ўтгач, Россия мудофаа вазирлиги зарба «Искандер М» русумли иккита ракета билан берилганини тасдиқлади.
Катта эҳтимол билан, гап «Искандер» комплекси фойдаланувчи 9М723 баллистик ракетаси ҳақида кетмоқда. У орқали «Искандер-К» қанотли ракеталари ҳам учирилади.
«Искандер» комплексининг 9М723 ракетаси KN-23 каби тешиб ўтувчи, осколкали-фугасли ёки кассетали жанговар қисм билан жиҳозланиши мумкин.
Машина видеорегистраторидан олинган кадрларга кўра, иккинчи ракетанинг портлаши ер сатҳида ёки кичик баландликда содир бўлганини кўриш мумкин – бу эса кассетали снаряд портлашига ўхшамаган.

Кассетали жанговар қисмлар катта майдонни қамраб олади ва уларни кўплаб кичик портлашлардан фарқлаш мумкин.
Шу билан бирга, осколкали-фугасли жанговар қисм кўплаб шикастловчи элементлар билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг излари биринчи ва иккинчи портлашлардан кейин олинган кадрларда уйларнинг деворларида сезилади.
Бундан ташқари, агар Россия ҳарбийлари бинога зарба беришни режалаштирган бўлса, бундай вазиятда кассетали снаряд осколкали-фугасли ёки тешиб ўтувчи снарядга қараганда анча самарасиз бўларди.
Кассетали ўқ-дорилардан фойдаланилганда кўпинча кичик ўқ-дориларнинг бир қисми портламай, ерда қолади. Агар ўша жойдан шундай буюмлар топилганида, уларнинг фотосуратлари аллақачон Украина ижтимоий тармоқларида эълон қилинган бўларди.
Тешиб ўтувчи снарядлар одатда яхши мустаҳкамланган ёки чуқур жойлашган нишонларга қарши ишлатилади ва бундай зарбада ҳам эффект камроқ бўлади.
Шунинг учун, видео- ва фотосъёмкаларга қараганда, шунингдек, мантиқдан келиб чиқилса, шундай хулоса қилиш мумкинки, бу осколкали-фугасли ўқ-дорилар бўлган.

Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Шаҳар бўйлаб зарба
Россия мудофаа вазирлиги зарба нишони Украина қуролли кучлари қўмондонлик таркиби йиғилиши бўлганини маълум қилган.
«Кеча Россия Федерацияси қуролли кучлари томонидан Суми шаҳрида Украина қуролли кучларининг хорижда ишлаб чиқарилган радиоэлектрон кураш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари орқали фаол қаршилик кўрсатиши шароитида „Северск“ тезкор-тактик гуруҳи қўмондонлик таркиби йиғилиши ўтказилаётган жойга иккита „Искандер-М“ тезкор-тактик ракетаси билан зарба берилди», – дейилади Россия ҳарбий идораси баёнотида.
Украина бу баёнотга ҳозирча изоҳ бермади. Украинадаги айрим манбалар шаҳарда ҳарбийларни тақдирлаш маросими режалаштирилгани ҳақида хабар берган. Зарбалар жойидан олинган видеоёзувларда эса бундай ҳодисанинг аниқ белгилари акс этмаган.
Бироқ, Украинадаги айрим расмийлар ва блогерлар Суми шаҳрида ҳақиқатан ҳам шу куни ҳарбийлар иштирокида тадбир бўлиб ўтгани ҳақида ёзишган.
«Халқ хизматкори» фракцияси депутати, илгари Олий рада мудофаа қўмитаси аъзоси бўлган Маряна Безуглая фожиадан икки соат ўтиб, Россия армияси Украина қуролли кучлари маҳаллий бригадаси юбилейи муносабати билан украиналик ҳарбийларни мукофотлаш режалаштирилгани сабабли шаҳарга зарба берганини ёзди.
«Ҳарбийларни мукофотлаш учун бир жойга тўпламанг, айниқса тинч шаҳарларда. Россияликлар шундай йиғилиш ҳақида маълумотга эга бўлган. Полигонларда эса ҳали ҳам сафга тизиш ҳолатлари давом этмоқда», – деб ёзди депутат Сумига берилган зарбадан сўнг. Шунингдек, у тақдирлаш шаҳар марказида, ерости бошпанасида ўтказилиши режалаштирилган бўлганини таъкидлади.
Безуглая бунинг учун масъулиятни бош штаб, қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги ва област ҳарбий маъмуриятига юклади. Шу билан бирга, у бу тинч аҳолига зарба берган россиялик ҳарбийлардан жиноят учун жавобгарликни соқит қилмаслигини таъкидлади.
Областдаги иккинчи йирик шаҳар бўлмиш Конотоп шаҳри мэри Артём Семенихин ҳам Сумидаги ҳарбийлар йиғилиши ҳақида ёзган.
«У (Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюх — BBC) бу ерда 117-бригададаги қаҳрамон йигитларимизга фахрий ёрлиқ ва медаллар топширишни ташкил қилган, бу ҳақда ҳамма гапиряпти. Бу ерда ҳеч нарса бўлмагани ҳам ёлғон. Бўлган. Яхшики, ҳарбийлардан ҳеч ким жабрланмади, уларнинг барчаси бошпанада эди», – деб ёзган Семенихин.
BBC Украина хизмати 13 апрел куни Суми шаҳрида ҳарбийларнинг эҳтимолий йиғилиши юзасидан Украина қуролли кучлари бош штаби вакилларидан изоҳ сўраган, бироқ ҳозирча жавоб олмаган.
Ўз навбатида, нашрнинг қуруқлик қўшинлари қўмондонлигидаги суҳбатдоши «қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги Суми шаҳрида ҳеч қандай ташаббус кўрсатмагани ва тадбирлар ўтказмагани»га ишонтирган.
BBC Украина хизмати Суми области ҳарбий маъмурияти билан ҳам боғланган, у ерда кейинроқ жавоб беришни ваъда қилишган.
Ҳарбий блогер, «Цензор.Нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусовнинг айтишича, унинг маълумотларига кўра, ҳалок бўлган 34 киши орасида икки нафар ҳарбий ҳам бор, бироқ уларнинг тадбирга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб ишонтирган у. «Улар ракета ҳужуми пайтида машинада ўтиб кетаётган бўлган ва россияликлар зарбаси остида қолган», – дейди у.
Бутусов ўз манбаларига таяниб, тақдирлаш маросими ҳақиқатан ҳам эрталаб соат 10 да Суми давлат университетининг конгресс маркази биносида бўлиб ўтиши мўлжаллангани, унга фуқаролик кийимидаги 20 га яқин киши келгани ва улар эътиборни тортмаганини айтган.

Volodymyr Hordiienko / AP / Scanpix / LETA
Ракеталар портлаган жойлар бир-биридан тахминан 140 метр масофада жойлашган. Портлашлар оқибатида вайрон бўлган икки бинода ҳам тадбирлар ўтказиш учун заллар мавжуд - биринчи ракета конгресс-ҳоллга, иккинчиси университетнинг мажлислар зали жойлашган бинога келиб тушган.
Шу билан бирга, «Искандер» ракеталарининг аниқлиги анча юқори деб кўрсатилган. Россия мудофаа вазирлиги нашри – «Звезда» ҳафталиги маълумотига кўра, 9М723 ракетасининг эҳтимолий оғиши (яъни нишондан қанча масофага оғиши мумкинлиги) 5-7 метрни ташкил қилади.
Шу сабабли, иккала ракета ҳам координаталари уларнинг йўналтириш тизимига киритилган нишонларга етиб келган деб тахмин қилиш мантиқан тўғри бўлади. Бундай ҳолда, йиғилиш айнан қаерда ўтказилгани борасида ракетачиларда аниқ маълумот бўлмаган дейиш мумкин.
«Искандер-М» – тезкор-тактик баллистик ракетага эга тизим бўлиб, биринчидан, уни тутиб олиш жуда қийин. У радиолокацион сезувчанликни камайтириш технологиясини қўллаган ҳолда қурилган ва ҳаво ҳужумидан мудофаани енгиб ўтиш тизимлари билан жиҳозланган.
Бундан ташқари, ракетанинг максимал масофаси 500 километр бўлиб, ҳаво тревогасини эълон қилиш учун деярли имкон қолдирмайди – баллистик ракета унга жавоб беришга улгуриш учун ҳаддан ортиқ тезлик қилади.
9М723 ракетасининг жанговар қисмининг оғирлиги 480 килограмм. Бу портловчи модданинг «соф» оғирлиги эмас, лекин у барибир юзлаб килограмм кучли портловчи модда ва шикастловчи элементлар билан жиҳозланган бўлиб, улар одамларга очиқ ҳавода ёки заиф ҳимояланган транспортда омон қолиш имкониятини қолдирмайди.
Якшанба куни эрталаб аҳоли зич жойлашган шаҳар марказидаги биноларга аниқ теккан тақдирда ҳам, шунча миқдордаги портловчи модданинг портлаши тинч аҳоли вакилларининг ўлимига олиб келмаслиги мумкин эмасди.
Мавзуга оид

19:59 / 25.04.2025
Украина 5 минг тонна буғдой ортилган Россия кемасини ҳибсга олди

18:33 / 25.04.2025
МРБ директори ўринбосарининг ўғли Украинада ҳалок бўлган. У Россия томонида туриб жанг қилган

13:55 / 25.04.2025
Очликка рўпара бўлган Ғазо, санкциялардан халос бўлишга уринаётган Сурия ва Россиянинг Қирғизистонга таҳдиди — кун дайжести

13:33 / 25.04.2025