РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган 21 ёшли америкалик Майкл Глосс Украинадаги урушда ҳалок бўлган.
Майкл Глосс – америкалик ҳарбийлар фарзанди. Унинг онаси Жулиан Глосс АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари лавозимида ишлайди, отаси Ларри Глосс – АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари фахрийси ва АҚШ мудофаа вазирлиги учун ҳам дастурий таъминот яратиш билан шуғулланувчи Security Information Systems компанияси раҳбари ҳисобланади.

Майкл Глосс фаластинликларни қўллаган ва ислом динига қизиққан. 2022 йилда Америка байроғини ёқиб юбориб, бу ҳолат видеосини ижтимоий тармоққа жойлаган.
Дўстлари айтишича, сўнгги пайтларда у фитна назарияларига берилиб кетган, аммо ҳеч ким унинг Россия армиясига қўшилиши мумкинлигини тахмин қилмаган, чунки унинг бармоғида пацифик (тинчликсеварлар) татуировкаси бор эди.
Майкл Глосс дунё бўйлаб бир неча ой саёҳат қилганидан сўнг, 2023 йилда Россия армиясига қўшилган. «Важние истории» нашри аниқлашича, Глосс 2023 йил қишида коллеждаги ўқишини ташлаб, АҚШни тарк этган. Аввалига у Италияда яшаган, кейин Исроилга йўл олган, у ердан эса депортация қилинди. Кейинги бир неча ойни у Туркияда ўтказади, у ерда Rainbow family ҳамжамияти йиғилиши – «Болқон йиғини»га ташриф буюрган, шунингдек, Ҳатай вилоятидаги зилзила оқибатларини бартараф этишга ёрдам кўрсатган.
Глосснинг Истанбулда бирга яшаган таниши «Важние истории»га америкалик «доимо қандайдир салбий нарсалар ҳақида – қашшоқлик, цивилизациялар қулаши ҳақида гапиргани»ни айтиб берган. «У Ғарбнинг гегемонлиги даври тугаётганига ва тез орада унинг ўрнини БРИКС эгаллашига ишончи комил эди», – деди нашр суҳбатдоши. Туркиядаги яна бир таниши Глосс Фаластин ҳақидаги видеони томоша қилгани ва «Америкадан қаттиқ ғазаблангани»ни айтади. «Россияга кетиш ҳақида ўйлай бошлади. У АҚШ билан жанг қилмоқчи эди. Аммо менимча, унга фитна назарияларидан иборат видеолар кучли таъсир кўрсатган», – дейди нашр суҳбатдоши.
Майкл Глосс Россияга 2023 йил августида келган. Россия визасини олишдан олдин, Глосс танишларидан ўзини РФга таклифнома олишда ёрдам сўраган. У Россияга бориш сабабини турлича изоҳлаган: кимгадир рус тилини ўрганмоқчилигини айтса, бошқасига – фуқаролик олиш ниятидалигини, учинчи бир одамга — ўзининг экологик лойиҳасини ривожлантириш учун бораётганини билдирган. Нашр чегара хизматлари маълумотларини ўрганиш орқали аниқлашича, у Гуржистон ва Россия чегарасини 12 август куни кесиб ўтган.



















