Ўзбекистон | 07:34 / 16.04.2025
1935
2 дақиқада ўқилади

Хивада Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди

Кеча, 15 апрел куни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Фото: gov.uz

Хива шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамраислигида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда асосий эътибор савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга қаратилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми охирги беш йилда икки баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони уч юздан ошди. Бу кўрсаткич доимий равишда ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, товар айланмаси кўрсаткичи мамлакатлар салоҳиятига тўлақонли мос келмайди ва ҳали фойдаланмаган барча имкониятлар мавжуд.

Бундан ташқари, давлатлар раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш етказиш вазифаси қўйилган

Йиғилишда бунинг учун саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш, транспорт ва коммуникация соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, сув ресурслари ва энергетика соҳасида ўзаро манфаатли самарали ҳамкорликни давом эттириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттириш, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги билдирилди.

Якунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн иккинчи йиғилиши баёни имзоланди.

Шунингдек, икки мамлакат бош вазирлари биргаликда Хивадаги Ичан қалъага ташриф буюрди. 

Мавзуга оид