Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат бошқаруви академияси президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 5 май куни истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда таъкидланишича, «Эл-юрт умиди» жамғармаси президент ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси этиб қайта ташкил қилинади.
Шунингдек, Давлат бошқаруви академияси президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилади. Улар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан бирга кадрлар тайёрлаш кластерига айлантирилади.
Жумладан, истиқболли мутахассисларни хорижда тайёрлаш бўйича бакалавриат, магистратура ва докторантура билан бир қаторда давлат хизматчилари олти ойгача мақсадли стажировкага юборилади. Бунда энергетика, урбанизация, транспорт, архитектура, геодезия, ер муносабатлари, техника, муҳандислик каби иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига, давлат бошқаруви ва долзарб ижтимоий йўналишларга устуворлик берилади.
Халқаро рейтинглардаги топ-юзталикка кирган университетларга грант асосида ўқишга қабул қилинган номзодларга «Эл-юрт умиди» стипендияси имтиҳонларсиз ажратилади. Шунингдек, халқаро транспорт ва турар жой харажатлари имтиҳонларсиз қоплаб берилади.
Топ-йигирматаликдаги университетлар бакалавриатига 50 фоиз грант асосида қабул қилинган Президент мактаблари битирувчиларига стипендиялар танловларсиз ажратилади.
Хорижда ўқиётган талабалар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда таълим-тарбия жараёнларида ёрдамлашиш мақсадида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатларининг ота-оналари кенгаши тузилади. Элчихона ва консулликларга талабаларга ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилади.
Янги тизимга асосан, энди Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида давлат хизматчилари учун 3 та дастур – малака ошириш, қайта тайёрлаш ва магистратура йўлга қўйилади. Барча узоқ ва ўрта муддатли ўқувлар хорижий ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг таянч тавсиялари асосида ташкил этилади.
Магистратурада «Давлат бошқаруви», «Давлат сиёсати», «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш», «Инсон ресурсларини ривожлантириш» ва «Давлат молиясини бошқариш» йўналишларида 18 ойгача муддатда чуқурлаштирилган билимлар берилади. Давлат буюртмасидан ташқари тўлов-контракт шаклида ҳам талабгорлар қабул қилинади.
Академияда таълим дастурлари ва илмий тадқиқотлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар бериш, нуфузли хорижий илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш учун Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузилади.
Шунингдек, академия ҳузурида 4 та янги марказ ташкил этилмоқда. Мисол учун, Давлат бошқаруви муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш маркази давлат хизмати самарадорлигини ошириш, хусусий сектордаги илғор амалиётларни давлат бошқарувида жорий қилишга қаратилган тавсиялар бериб боради.
Президент таклифларни маъқуллаб, бу тизимларни янгича ёндашувлар асосида жорий қилиш, жамғарма ва академия ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Иқтидорли ёшларни доимий излаб топиш ва юқори даражада ўқитиш, малакали мутахассисларни ислоҳотларга жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Мавзуга оид
11:10 / 08.06.2026
Нодавлат таълим муассасалари қонунбузилиш хавфи бўйича баҳоланади
13:43 / 02.06.2026
“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ
08:38 / 02.06.2026
Германияда ўзбекистонлик ёшлар учун махсус таълим дастурлари йўлга қўйилади
16:49 / 30.05.2026