Жаҳон | 19:05 / 05.05.2025
6124
2 дақиқада ўқилади

Доғистондаги отишмада уч полициячи ҳалок бўлди

Номаълум шахслар полициячиларга қарата ўқ узиб, уларнинг хизмат машинасида воқеа жойидан ғойиб бўлди.

Россиянинг Доғистон Республикаси, Махачқалъа шаҳрида икки киши йўл-патруль хизмати ходимларига ҳужум қилиб, уларга қарата ўт очди. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситаларига таяниб Meduza хабар берди.

Доғистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, отишма маҳаллий вақт билан 14:20 да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида уч нафар полициячи ҳалок бўлган. Ҳужумчилар хизмат машинасида қочиб кетишган ва улар ҳали ҳам қидирилмоқда.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги икки ҳужумчи ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Ҳужумда қанча одам қатнашгани ҳақида маълумот берилмаган. Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, отишмада 17 ёшли қиз яраланган. Бундан ташқари, икки полициячи шифохонага ётқизилган. Жами етти киши жароҳатланган.

«РИА Дагестан» уч нафар полициячи ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳужумчилар полиция хизмат машинасида воқеа жойидан қочиб кетишган. Шаҳарда уларни ушлаш режими эълон қилинган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов кўп ўтмай ИИВ ходими машинани тўхтатмоқчи бўлганини, бироқ ҳайдовчи бунга кўнмай, уларга қарата ўт очганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар бор. У бошқа тафсилотларни айтмади, бироқ воқеа акс этган сурат ёки видеоларни интернетга жойлаштирмасликни сўради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид