Қўйлиқдан репортаж: бозор ташқарисидаги ноқонуний деб топилган дўконлар бузилмоқда
5 май куни Қўйлиқ деҳқон бозорида савдо нуқталари бузилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбирининг аниқлашича, бозор ташқарисида савдо қилувчиларнинг жойлари суд қарори асосида ноқонуний деб топилиб, уларнинг жойларини бузиш бошланган. Савдогарларга ичкаридаги расталардан жой таклиф қилиняпти. Kun.uz мухбири бозор маъмурияти вакили ва сотувчиларга микрофон тутди.

Маълум бўлишича, Бектемир тумани ҳокимлиги “Қўйлиқ деҳқон бозори” АЖга нисбатан бозор ташқарисида, йўл бўйида жойлашган ер участкасидаги ўзбошимчалик билан эгалланган ва рухсатсиз қурилган 3 441 кв.м дан иборат қурилмаларни бузиб ташлаш ва ер участкасини бўшатиш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритган.
Суднинг 2024 йил 24 июлдаги ҳал қилув қарори билан, даъво қаноатлантирилган.
Шу қарор асосида, 2025 йил 5 май куни 60 дан ортиқ дўконни бузиш бошланган.
Бозор маъмурияти вакили Маҳмуд Ҳусанов Kun.uz билан суҳбатда суд қарорининг ижроси таъминланаётгани, бузишдан олдин савдогарлар огоҳлантирилгани, жойи бузилаётган сотувчиларга бозор ичкарисидан жой берилаётганини айтди.
Жойи бузилишга тушган савдогарларнинг ҳаммаси ҳам фаолият юритган савдо нуқтасини ноқонуний деб ҳисобламайди. Чунки улар йиллар давомида электр энергияси, ижара ҳақи, ЯТТлар учун белгиланган солиқни тўлаб келишган, айримлари қонуний ишлаш учун терминал ҳам олган.
Шу билан бирга, савдогарлар уларга бозор маъмурияти томонидан бозор ичкарисида фаолиятини давом эттириш таклиф этилаётгани, бунинг учун жой ажратиб берилаётганини тасдиқлади. Сотувчиларнинг айримлари ичкарида савдо яхши бўлмаслигидан хавотирда.
“Фақат ноқонуний жойлар бузилмоқда. Тадбиркорлар кўчада қолгани йўқ. Бозор фаолият кўрсатиб турибди. Асосан олди томондаги дўконлар ва Тўйтепага кетиш томонда йўл бўйидаги картошка-пиёз, помидор-бодринг сотадиган жойлар бор эди – уларнинг ҳаммаси суд ноқонуний деб қарор чиқарди”, – дейди маъмуриятдан Маҳмуд Ҳусанов.
Мавзуга оид

14:12 / 14.06.2025
Тошкентда икки йигит ногиронлиги бор танишининг пулини олиб қочди

11:54 / 14.06.2025
Тошкентда қуйма олтинга ўхшатиб тайёрланган металларни 70 минг долларга сотаётганлар ушланди

16:29 / 13.06.2025
Тошкентдан хорижга бир неча авиарейслар бекор қилинди

09:17 / 13.06.2025