Жаҳон | 19:32 / 05.06.2025
2165
2 дақиқада ўқилади

Россияда барча ноутбукларга маҳаллий операцион тизим ўрнатиш мажбурияти юкланади

Янги талаб Россиядаги барча савдо майдончаларига, жумладан, электроника дўконлари ва маркетплейсларга ҳам тааллуқли бўлиши кутилмоқда.

Фото: ura.ru

Россия дўконларида сотилаётган ноутбукларга «Алт», Astra Linux ёки Red OS каби маҳаллий операцион тизимлар ўрнатилиши керак. Fplus IT-ҳолдинги бошқарув шериги Алексей Мелниковнинг сўзларига кўра, Россия бизнеси вакиллари шу каби ташаббус билан чиққан.

Мелниковнинг айтишича, янги талаб Россиядаги барча савдо майдончаларига, жумладан, электроника дўконлари ва маркетплейсларга ҳам тааллуқли бўлиши керак. «Ҳеч нарса бўлмайди — на инфляция, на исён», — дейди у.

Мазкур талабни жорий этиш смартфонларга Россия иловаларини қайта ўрнатиш каби бўлади: фойдаланувчи қурилмани ёқиш вақтида операцион тизимни танлайди. Шунингдек, Мелников ушбу талабни смартфонларга ҳам қўллаш таклифини билдирган (гап «Аврора» ёки Red OS Mobile операцион тизимлари ҳақида кетмоқда), аммо рақамли ривожланиш вазири Мақсут Шадаев уни қўллаб-қувватламаган — бу импортнинг қисқариш хавфини юзага келтириши мумкин.

Россия электрон коммуникациялар ассоциацияси директори Екатерина Демкинанинг маълум қилишича, ноутбукларга оммавий равишда Россия операцион тизимларини ўрнатиш «осон эмас», чунки маҳаллий дастурчилар тақдим этган OS’нинг тайёрлиги «бироз чекланган».

Fplus маълумотларга кўра, Россия операцион тизимлари ўрнатилган ноутбуклар улуши 2-3 фоиздан ошмайди. Мамлакатда 2024 йилда ноутбуклар бозори 242 миллиард рублга (3,9 миллион қурилма) ошган. Шу билан бирга, «Коммерсант» манбаси РФда ноутбукларнинг йиллик савдо кўрсаткичлари 2025 йил биринчи чоракда 12 фоизга тушганини билдирган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид