Жаҳон | 21:14 / 06.06.2025
4537
2 дақиқада ўқилади

ЕИга аъзо 5 та давлат болалар учун TikTok ва YouTubeʼни тақиқлаш таклифи билан чиқди

Европалик болалар ижтимоий сервислардан ўртача 7-8 ёшдан бошлаб фойдаланмоқда. Гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланган болаларда кайфият бузилиши ва депрессия ривожланиши мумкин.

Франция, Греция, Дания, Словения ва Кипр вакиллари 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни, жумладан, TikTok, Instagram, YouTube ва бошқа машҳур платформаларни тақиқлашга чақирди, деб ёзади Deutsche Welle.

Қайд этилишича, ҳозирда Европадаги болалар ижтимоий тармоққа рўйхатдан ўтишда ўзларининг туғилган саналарини ўзгартириб, TikTok, Instagram, Snapchat ва Х (уларга 13 ёшдан кейин кириш мумкин), шунингдек, YouTube ва Tumblr (16 ёшгача бўлганларга чекланган) қўйилган тақиқларни осонликча четлаб ўтмоқда. Шунинг учун ЕИга аъзо давлатлар рақамли технологиялар вазирларининг Люксембургдаги учрашувида Франция платформаларга вояга етмаган фойдаланувчилар учун ота-оналар рухсатини олиш мажбуриятини юклашни таклиф қилди. Франциянинг ўзида бундай қонун икки йил олдин қабул қилинган, аммо ҳозирча ЕИ томонидан керакли маъқулловни олмаган.

Франция Рақамлаштириш ва телекоммуникация вазирлиги раҳбари Клара Шаппазнинг маълум қилишича, европалик болалар ижтимоий сервислардан ўртача 7-8 ёшдан бошлаб фойдаланяпти. Тақиқ ташаббускорларининг фикрича, ижтимоий тармоқларда нафрат ва ҳақоратдан тортиб, порнографиягача бўлган қатор хавф-хатарлар мавжуд.

Бундан ташқари, гаджетлардан узоқ вақт давомида фойдаланган болаларда кайфият бузилиши ва депрессия ривожланиши мумкин. Шунингдек, вояга етмаганларда танқидий фикрлаш қобилияти пасайиш хавфи юзага келади.

Еврокомиссия фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларни хавфсиз бошқариш имконини берадиган илова яратмоқчи. У ижтимоий тармоқларга фойдаланувчи рухсат этилган минимал ёшга етган ёки етмагани тўғрисида маълумот бериб келади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид