Жаҳон | 10:20 / 11.06.2025
2586
2 дақиқада ўқилади

Мерц Россияни Украинадаги оғир уруш жиноятларида айблади

Фридрих Мерц Россиянинг яқинда Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига уюштирган ҳужумларини кескин қоралади.

Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Россиянинг Киев ва Украина бошқа шаҳарларига яқинда уюштирган ҳужумлари муносабати билан Германия канцлери Фридрих Мерц Москвани оғир ҳарбий жиноятларда айблади. Мерц 10 июн, сешанба куни Берлинда Нидерландия бош вазири вазифасини бажарувчи Дик Схоф билан қўшма матбуот анжуманида сўнгги кунларда Россия Украинадаги тинч аҳолига «қасддан» учувчисиз учоқлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилганини айтди.

Россиянинг бу оммавий ҳужумлари «тинч аҳолига қарши террор» ва Украинанинг Россия ҳарбий аэродромларига «жуда аниқ» зарбаларига «мутаносиб жавоб эмас, балки бошқа нарса». «Россия ҳақиқатан ҳам қон тўкилишига эришмоқчи. У фақат Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими туфайли жуда чекланган миқёсда муваффақиятга эришди», — деди Мерц.

Украина расмийларига кўра, Киев 2022 йилнинг февралида Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери тунги энг йирик дрон ҳужумига учраган. Украина Ҳаво кучларининг хабар беришича, ўша кечада Россия 479 та ҳужумкор учувчисиз учоқ ва ҳар хил турдаги дронов-имитаторлар, 4 та Х-47 М2 "Кинжал" аэробаллистик ракетаси, 10 та Х-101 қанотли ракетаси, 3 та Х-22 қанотли ракетаси, 2 та Х-31П радиолокацияга қарши ракетаси ва битта Х-35 қанотли ракетасидан фойдаланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид