Жаҳон | 21:48 / 25.06.2025
4659
2 дақиқада ўқилади

Британия совуқ уруш давридан бери биринчи марта ядровий қуролларни самолётларга жойлаштиради

Лондон АҚШдан F-35А қирувчи самолётларини харид қилади. Улар ядро бомбаларини ташишга қодир. Ҳозирда Британиянинг ядровий жанговар каллаклари фақат тўртта сувости кемасида сақланади.

Фото: U.S. Air Force

Буюк Британия АҚШдан тактик термоядровий авиабомбаларни ташишга қодир 12 та F-35А қирувчи самолётларини сотиб олади. Бу ҳақда Британия ҳукумати маълум қилди.

«Радикал ноаниқлик даврида биз энди дунёни борлиқ сифатида қабул қила олмаймиз, айнан шу сабабли менинг ҳукуматим миллий хавфсизликка сармоя киритмоқда», — дейди бош вазир Кир Стармер. Лондон бу турдаги қирувчилардан жами 138 та харид қилишни режалаштирмоқда. Шу орқали Буюк Бритнаияда совуқ уруш тугаганидан бери биринчи марта ядровий қуролни ҳавода ташувчи воситага эга бўлади.

Ҳозирда Британиянинг ядровий жанговар каллаклари фақат Vanguard туридаги тўртта сувости кемасига жойлаштирилган. Норфолкдаги Марҳем базасига жойлаштириш режалаштирилган F-35А самолётлари оддий ўқ-дориларни ҳам, Американинг B61-12 авиабомбасини ҳам учира олади. B61-12 авиабомбасининг қувватини бошқариш мумкин — 0,3 дан 50 килотоннагача. Қирувчиларнинг ўзи узоқ масофага учишга қодир ва стелс-технологиясига эга. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, бу «ядровий бомбани юқори аниқликда ташлаш жараёнида муҳим аҳамият касб этади». Шу билан бирга, Америка қирувчилари ҳам ядровий, ҳам оддий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлиги сабабли НАТОнинг икки мақсадли самолётлар дастурига киритилади. Буроқ ядровий жанговар каллаклар АҚШ назорати остида бўлади.

Ўтган йили Вашингтон ва Лондон Россия томонидан ошиб бораётган таҳдидлар сабаб Буюк Британия ҳудудига Американинг ядровий қуролларини қайтаришга келишиб олганди. Жанговар каллаклар Саффолк графлигидаги Лейкенхит базасига жойлаштирилиши кутилаётган эди. Уларнинг қуввати 1945 йилда Ҳиросимага ташланган бомбаларникидан уч баробар катта бўлади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид