Жаҳон | 21:18 / 02.07.2025
1647
2 дақиқада ўқилади

Microsoft 9 минг нафарга яқин ходимини ишдан бўшатади

Барча бўлинмалар ва барча даражадаги ишчиларга таъсир кўрсатадиган қисқартиришлар компаниянинг бошқарув жараёнлари ҳамда тузилмаларини оптималлаштиришга қаратилган.

Американинг Microsoft Corp. IT-гиганти ходимларининг 4 фоизини ишдан бўшатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания вакили баёнотига таяниб, CNBC хабар берди.

Барча бўлинмалар ва барча даражадаги ишчиларга таъсир кўрсатадиган қисқартиришлар компаниянинг бошқарув жараёнлари ҳамда тузилмаларини оптималлаштиришга қаратилган.

Ишдан бўшатишларнинг янги раунди жорий йилдаги иккинчи қисқартириш ҳисобланади. Май ойида Microsoft ходимларининг 3 фоизини (6 минг киши) ишдан бўшатишни режалаштираётганини маълум қилганди.

Microsoft томонидан Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияга юборилган йиллик ҳисоботга кўра, ўтган йил июн охирида компанияда 228 минг киши фаолият юритган. Шундай қилиб, олдинги ишдан бўшатишлар билан ҳисобланганда, қарийб 9 минг нафар ходим қисқартиришга тушиши мумкин.

Microsoft акциялари котировкаси чоршанба кунги савдолар аввалида 0,2 фоизга қисқарди. Жорий йилнинг ўтган даврида компаниянинг бозор қиймати 16,6 фоизга ошди.

Аввалроқ Amazon бош директори Энди Жесси яқин бир неча йил ичида компания иш жараёнига сунъий интеллект технологияси жорий этилиши сабаб ходимлар сони қисқартирилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид