Жаҳон | 14:25 / 02.07.2025
3772
2 дақиқада ўқилади

Россияда СССР парчаланганидан кейин ёпилган ҳарбий мактаблар тикланади

«Известия»нинг ёзишича, Мудофаа вазирлиги Россия армиясида офицерлар етишмаслиги сабабли 15 та янги ҳарбий мактаб очиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Павел Волков

2025-2034 йилларда Россияда офицерлар — учувчилар, танкчилар, шифокорлар, шунингдек, учувчисиз тизимлар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган 15 та олий ҳарбий мактаб очилиши мумкин. Бу ҳақда 1 июл, сешанба куни Россия Мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, «Известия» газетаси хабар берди.

Унга кўра, бу ташаббус Украинага қарши уруш фонида Россия армиясида қуйи ва ўрта бўғиндаги офицерлар етишмаслиги сабабли ишлаб чиқилган, бироқ ҳозирча маъқулланмаган. Айни пайтда бу йил иккита олий таълим муассасасини — Саратов радиация, кимёвий ва биологик (РКБ) мудофаа олий ҳарбий муҳандислик мактабини, шунингдек, Нижний Новгород олий ҳарбий муҳандислик мактабини яратишга қарор қилинди. У ерга курсантларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда, дейилади маълумотда.

Келгуси йилда яна учта ҳарбий олий таълим муассасаси — Челябинскда танк, Уляновскда авиация ва Новочеркасскда қўмондонлик алоқа мактаблари иш бошлаши мумкин. 2027 йилда Москва вилоятида учувчисиз тизим қўшинлари олий ҳарбий мактабини, 2028 йилда Омск олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини, 2029 йилда Красноярск ҳаво мудофаа тизими радиоэлектроника олий ҳарбий мактабини, 2032 йилда эса Пушкин олий умумқўшин (ҳаво-космик мудофаа) мактаби очилиши режалаштирилган, деб ёзади газета.

Бундан ташқари, Ҳарбий тиббиёт академиясининг тўртта филиали, жумладан, Қримдаги Севастополда, шунингдек, Самара, Новосибирск ва Хабаровскда очилиши мумкин. 2034 йилда Томск олий ҳарбий қўмондонлик алоқа мактабини очиш режалаштирилган. Нашрнинг қайд этишича, бу шаҳарлардаги ҳарбий мактабларнинг аксарияти совет даврида ҳам мавжуд бўлган, бироқ кейинчалик ёпилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид