Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада «Нептун» ракетасига оид махфий маълумотларни ўғирлашга уринган хитойлик жосуслар ушланди
Хитойлик ота-бола ракетани ишлаб чиқаришга алоқадор Украина фуқаросини оғдириб олишга уринган ва шундан сўнг махсус хизматлар кузатуви остига олинган.
Киевда Украинанинг «Нептун» ракетасини ишлаб чиқаришга алоқадор махфий ҳужжатларни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга уринган икки нафар хитойлик қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Махсус хизматлар маълумотларига кўра, «хитойлик жосуслар»дан бири Киевдаги техника университетининг 24 ёшли собиқ талабаси. У 2023 йилда ўқишган ҳайдалган бўлса ҳам Киевда қолган. Қўлга олинган иккинчи шахс — ушбу йигитнинг отаси бўлиб, у «ўғлининг разведка фаолиятини шахсан мувофиқлаштириш учун» Украинага тез-тез келиб турган.
Украина хавфсизлик хизмати версиясига кўра, хитойлик талаба махфий материалларни қўлга киритиш учун қуроллар ишлаб чиқаришга алоқадор Украина фуқаросини оғдириб олишга уринган. Аммо у дарҳол кузатув остига олинган ва техник ҳужжатларни топшириш вақтида ушланган. Шундан кейин унинг отасини қўлга олиш операцияси амалга оширилган. Эркак ҳужжатларни ХХР махсус хизматларига топшириши керак бўлган.
Тинтув вақтида ҳар икки шахснинг ҳам телефонлари олиб қўйилган, қурилмаларда уларнинг жосуслик фаолиятини исботловчи маълумотлар мавжуд. «Жосуслик»да гумонланаётган шахслар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Хитойнинг Киевдаги элчихонаси ҳозирча вазиятга изоҳ бермади. Reutersʼнинг ёзишича, Украинага жосусликда айбланиб, ХХР фуқароларининг ҳибсга олиниши 2022 йилда бошланган Россия тажовузидан бери биринчи марта содир бўлмоқда.
Украина Қуролли кучлари уруш бошланган бери узоқ масофага мўлжалланган «Нептун» ракеталаридан фойдаланиб келяпти. Улар соатига 900 километр тезликда 300 километр масофага уча олади. Украиналик ҳарбийлар айнан «Нептун» ёрдамида 2022 йили Россия Қора денгиз флотининг флагмани — «Москва» ракета крейсерини йўқ қилганди.