Жаҳон | 23:38 / 12.07.2025
9083
2 дақиқада ўқилади

Путин Зеленский билан фақат Украина таслим бўлган тақдирдагина учрашишга рози бўлади – Кислица

Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия томони музокараларда айнан шундай талабни қўяётганини таъкидлади.

Фото: REUTERS

Россия президенти Владимир Путин фақат Украина таслим бўлган тақдирдагина Владимир Зеленский билан учрашишга рози бўлади. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица айтди.

«Путиннинг мандати бизни таслим бўлишга мажбур қилишдир. Уларнинг мантиғи бизникига қарама-қарши. Биз келинг, лидерлар саммитига шарт-шароит, конструктив муҳит яратиш учун сулҳдан фойдаланайлик, деяпмиз. Аммо улар очиқчасига йўқ, аввал бизнинг талабларимизни қабул қиласиз – таслим бўласиз, шундан сўнг лидерлар учрашувини ташкил қиламиз. Кейин ушбу талабларни амалга ошириш билан шуғулланасиз, демоқда», деди Кислица.

Унинг сўзларига кўра, Украина Зеленский ва Путин ўртасидаги музокараларни талаб қилишда давом этади, чунки, Россияда энг муҳим қарорлар «фақат бир киши томонидан қабул қилинади». Шу сабабли, делегациялар юқори натижаларга эриша олмайди.

«Бу, менимча, Россия тактикасининг элементларидан бири. Улар мутахассисларимиз учрашсин, бир-бири билан мулоқот қилиш учун телефон рақамларини алмашсин, дейишяпти. Биз буни чексиз Минск жараёнларида ҳам кўрганмиз. Ҳаракатлар кўп бўлади, одамлар учрашади, бирга ўтиради, чексиз суҳбатлашади - лекин ҳеч қандай натижа бўлмайди», деди Кислица.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид