Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Стратосферадан сакраб танилган Феликс Баумгартнер Италияда ҳалок бўлди
Италияда парапландаги парвоз чоғида австриялик Феликс Баумгартнер ҳалок бўлди — у 2012 йилда космос билан чегарада, стратосферада турган ҳолда ҳаво шаридан ерга сакрашни амалга оширганди.
Таниқли скайдайвер Италия шарқидаги Марке вилояти ҳудудидаги Порто-Сант-Элпидио шаҳарчаси ҳудудида парвоз қилаётганди ва у ердаги меҳмонхоналардан бирининг ҳовузи яқинига қулаган.

Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, эркак воқеа жойида вафот этган. Ҳодиса оқибатида меҳмонхона ходимларидан бири жабрланган – у парапландан учиб кетган қолдиқлар туфайли бўйнидан яраланган. Аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага етказилган.
Маҳаллий нашрларга кўра, 56 ёшли Баумгартнер парвоз давомида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва ҳушини йўқотган. Унга айнан нима бўлгани ҳозирча хабар қилинмаяпти.
Феликс Баумгартнер скайдайвер ва бейсжампер сифатида 1500 дан ортиқ сакрашни амалга оширган. Иккала спорт ҳам экстремалдир. Скайдайвингнинг моҳияти шундаки, спортчи ўз парашютини имкон қадар ерга яқинроқ очади ва шу билан эркин йиқилиш палласини узайтиради. Бейсжампингда паст баландликдан сакраш учун мўлжалланган махсус парашютдан фойдаланилади.
У беш кун олдин ижтимоий тармоқда Италияда парапланда учаётганида олинган суратини жойлаб, ўқувчиларига шундай савол билан мурожаат қилганди: «Бу йил қаерда дам олмоқчисиз?»

Қуйида Қўрқув билмас Феликс лақабини олган парашютчининг сўнгги 20 йил давомида амалга оширган энг машҳур трюклари келтирилади.
Рио-де-Жанейрода Исо масиҳ ҳайкалидан сакраш
Баумгартнернинг биринчи рекордларидан бири — 1999 йилда Бразилиянинг энг йирик шаҳри Рио-де-Жанейронинг асосий рамзи ҳисобланган Халоскор масиҳ ҳайкалидан парашютда сакрашида ўрнатилганди.
У ҳайкалнинг 30 метр баландликдаги қўлидан сакрашни амалга оширган – бу бейсжампинг тарихидаги энг паст баландликдир (бу экстремал спорт тури билан шуғулланувчи парашютчилар белгиланган объектлардан сакрашади).
«Петронас миноралари»дан сакраш
Баумгартнер ўша 1999 йилда ўрнатган иккинчи рекорд — бейсжампинг тарихидаги энг катта баландликдан сакраш бўлганди.
Ўшанда у Куала-Лумпурдаги «Петронас миноралари» сифатида машҳур бўлган осмонўпар бинолардан бирининг 88-қаватидан сакраганди.
Бироқ, кейинроқ бу рекорд россиялик алпинист ва бейсжампер Валерий Розов томонидан янгиланди, у 2016 йилда Чо-Ою чўққисидан 7,7 минг метр баландликдан сакраган (Розов 2017 йилда Непалда баландликдан сакраш пайтида ҳалок бўлган).
Ла-Манш узра парвоз
2003 йилда Баумгартнер Франция ва Буюк Британия ўртасидаги Ла-Манш бўғози устидан махсус ишлаб чиқилгане углерод толали қанотларда учиб ўтади.
У Англияда ҳавога кўтарилган самолётдан сакрайди ва Францияга қадар учиб боради.
Бу Ла-Маншни шу тарзда кесиб ўтиш билан боғлиқ тарихдаги биринчи ҳолат бўлиб, у жами 35 км масофани босиб ўтади, парвоз 14 дақиқа давом этган.
Дунёдаги энг баланд кўприкдан сакраш
2004 йилда Баумгартнер сакраган пайтда энг баланд кўприк Франциядаги Миё виадукига тегишли эди – у Мийо шаҳри яқинидаги Тарн дарёси водийси бўйлаб қурилган.
Парашютчи 343 метр баландликдаги кўприк устунларидан биридан сакраган.
Тайбэй 101
2007 йилда, дунёдаги энг баланд осмонўпар бино Тайвандаги Тайбэй 101 ҳисобланган вақтда, Баумгартнер уни ҳам забт этади. Ўшанда у 500 метр баландликдан сакраган.

Стратосферадан учиб тушиш
Баумгартнернинг энг машҳур ва энг муҳим трюки – 2012 йилда гелий билан тўлдирилган ҳаво шаридан 39 километрдан ортиқ баландликда, яъни стратосферада, коинот билан чегарада парвоз қилган ҳолда сакраш бўлган.
Ўшанда у нафақат парашютдан сакраш баландлиги бўйича, балки тезлик бўйича ҳам рекорд ўрнатади: тарихда биринчи марта одам самолётсиз товуш тўсиғини енгиб ўтади. Баумгартнер соатига 1357 километрдан ортиқ тезликда, яъни товушдан тахминан 1,25 марта тезроқ учган.

Бу парвоз Американинг Ню Мехико штати устида тўққиз дақиқа давом этган.
Баумгартнер учун муҳандислар герметик кабина (у сакрашни бошлаш олдин унинг ичида бўлган), шунингдек, йиқилиш пайтида катта юкларга бардош бера оладиган махсус костюмнинг янги моделини ишлаб чиқишганди.
Сакрашдан сўнг Баумгартнер журналистларга қуйидаги сўзларни айтади: «Мен дунёнинг энг чўққисида турганимда, ўзимга ишончим йўқолиб қолганини ҳис қилдим. Бу лаҳзада энди рекордларни янгилаш ҳақида ўйламайсиз, илмий маълумотлар ҳақида ўйламайсиз. Сенинг бирдан бир истагинг – тирик қайтиш бўлади».
Мавзуга оид
22:44 / 29.05.2025
Хитойлик эркак парапланда тасодифан 8589 метр баландликкача кўтарилди
13:17 / 01.08.2023
Мўъжизавий сакраш: яқин фазодан соатига 1 357 километр тезликда учиб тушган инсон ҳақида ҳикоя
17:11 / 16.04.2023
«Нимадир қилишга ожиз эдим»: кучли шамолда параплан билан 10 километр баландликка чиқиб кетган аёл қандай тирик қолганди?
10:25 / 30.05.2017