Кўчмас мулк | 19:13 / 23.07.2025
4933
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Чилонзорда 340 млн долларлик турар жой мажмуаси ва бизнес маркази қуради

Лойиҳа тумандаги Бунёдкор кўчасида жойлашади ва иншоотларнинг умумий майдони 357 минг квадрат метрни ташкил этади. Қурилиш Хитойнинг TSC-Hk-Investment компанияси томонидан амалга оширилади.

Хитойнинг TSC-Hk-Investment компанияси Чилонзор туманида 340 млн долларлик турар жой мажмуаси ва бизнес маркази қуришни режалаштирмоқда, дея хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

22 июл куни Чилонзор ҳокимлигида пойтахт туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев Туркиянинг Policy Analytics Lab вa Helezon компаниялари вакиллари билан музокаралар олиб борди. Хорижий делегация аъзолари туманни ривожлантириш дастури бўйича ўз таклифларини билдирди.

Тақдимотда TSC-Hk-Investment компаниясининг 340 млн долларлик қийматидаги турар жой мажмуаси ва бизнес марказини қуриш лойиҳаси кўрсатиб ўтилди. Ушбу лойиҳа Бунёдкор кўчасида жойлашади, иншоотларнинг умумий майдони 357 минг квадрат метрни ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1000 та янги иш ўрни яратилади.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, TSC-Hk-Investment 2019 йил июн ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 278,4 млрд сўм. Компания турар жой бинолари қурилиши билан шуғулланади. Улушдорлари WDF International Limited (90 foiz) вa Wonderful International Group Limited (10 фоиз). Корхона раҳбари сифатида Шу Чун Циан кўрсатилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид