Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия августдан Украина билан чегарадаги 20 та ўтиш жойини ёпади
Россия бош вазири Михаил Мишустин 1 августдан бошлаб Украина билан чегарадаги 20 та назорат-ўтказиш пунктини ёпиб қўйиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Улардан 13 таси автомобил ва 7 таси темирйўл назорат пунктларидир.
Россия ҳукумати 2025 йилнинг 1 августидан бошлаб Украина билан чегарадаги йигирмата назорат-ўтказиш пунктини ёпиб қўйишни буюрди. Улардан 13 таси автомобил ва 7 таси темирйўл назорат пунктидир. Тегишли ҳужжатни 28 июл, душанба куни Россия бош вазири Михаил Мишустин имзолади.
ТАСС агентлигининг таъкидлашича, аслида ёпилиши керак бўлган назорат-ўтказиш пунктлари узоқ вақт давомида ишламаяпти, «лекин 1995 йилдан бери Россия ва Украина ўртасидаги ҳукуматлараро келишувнинг бир қисми бўлган ҳолда қоғозда мавжуд бўлиб келган».
Россия вазирлар маҳкамаси томонидан ёпилаётган чегара пунктлари Белгород, Брянск, Ростов, Воронеж ва Курск вилоятларида жойлашган. Уларнинг бир қисми Украинанинг Россия Қуролли кучлари томонидан босиб олинган қисмлари билан чегарададир.
Украина Давлат чегара хизмати раҳбари Андрей Демченко Россия расмийларининг қарорига жавоб қайтарди ва «россияликларнинг мантиғини тушуниш унга қийин» эканини таъкидлади: «Нима учун босқинчи давлат кенг кўламли урушнинг тўртинчи йилида Украина билан чегарадаги бир қатор назорат-ўтказиш пунктлари ёпилганини эълон қилишга қарор қилди».