Жаҳон | 19:26 / 01.08.2025
2348
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда 1 сентябрдан йўлларда ҳайдовчиларнинг қоидалар бўйича билимини текшириш бошланади

Мамлакат ички ишлар вазирлиги текшириш ўтказиладиган қоидабузарликлар рўйхатини тасдиқлади.

Фото: Akipress

Қирғизистонда 1 сентябрдан бошлаб инспекторлар ҳайдовчиларни йўлда тўхтатган жойида йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) бўйича билимини текширади. Мамлакат ички ишлар вазирлиги текшириш ўтказиладиган қоидабузарликлар рўйхатини тасдиқлади. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати раҳбари Бойқози Айтиқул уулу брифингда маълум қилди, деб хабар берди Akipress.

Ҳайдовчилар қуйидаги қоидабузарликлар учун тўхтатилади ва йўл ҳаракати қоидаларини билиш даражаси тезкор текширилади:

- техник носоз транспорт воситасини бошқариш;

- яширин ёки ўқилмайдиган рақам белгиларидан фойдаланиш;

- милиция ходимларининг талабларига бўйсунмаслик;

- белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш;

- светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш;

- автобезорилик;

- транспорт воситасини бошқаришни маст ҳолдаги шахсга топшириш;

- қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиш;

- ойналарни ноқонуний қорайтириш ва махсус сигналлар (мигалкалар) ўрнатиш;

- йирик габаритли транспорт воситалари ҳайдовчиларининг қоидабузарлиги.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги вакилининг тушунтиришича, кўрсатилган қоидабузарликлардан бири содир этилган тақдирда, ҳайдовчилик гувоҳномаси вақтинча олиб қўйилади, қоидабузар эса, агар у қоидалар бўйича билимини жойида исботламаса, ЙҲҚ бўйича назарий имтиҳонни қайта топширишга юборилади. Бунда гувоҳнома бекор қилинмайди - уни имтиҳон муваффақиятли топширилганидан кейин исталган вақтда қайтариб олиш мумкин бўлади.

Аввалроқ, имтиҳонни қайта топшириш нархлари ҳам эълон қилинган эди: биринчи уриниш - 500 қирғиз сўми (6 доллар), иккинчиси - 1000 қирғиз сўми (11,5 доллар), учинчиси - 2000 қирғиз сўми (23 доллар), тўртинчиси - 4000 қирғиз сўми (46,5 доллар). Бунда имтиҳон жараёни видеога олинади.

Қайд қилинишича, бундай чоранинг жорий этилиши сабаби шундаки, кўплаб ҳайдовчилар қоидаларни ўрганмасдан гувоҳнома олган. Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилгача ҳайдовчиларнинг атиги 20-30 фоизи имтиҳонларни ҳалол топширган, кўп ҳолларда ҳайдовчилик гувоҳномалари 15-20 минг қирғиз сўмига (175-233 доллар) сотиб олинган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид