Жаҳон | 20:49 / 01.08.2025
8539
8 дақиқада ўқилади

Уиткофф учун уюштирилган «саҳна» — Трамп вакилининг ташрифи Ғазодаги вазиятни ўзгартирадими?

АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф Ғазодаги ёрдам тарқатиш марказига борган вақтда танк ва снайперлар ҳудуддан олиб чиқиб кетилди. Фаоллар бу ташрифни «очликдан қийналаётган ғазоликлар учун фойдасиз ҳамда Исроил томонидан саҳналаштирилган пропаганда» деб атамоқда. БМТ офисига кўра, сўнгги ойларда Исроил ва АҚШ тузган GHF марказларидан озиқ-овқат олиш учун келган мингдан ортиқ аҳоли ҳарбийлар томонидан ўлдирилган.

1 август куни АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф дастлаб Исроилга, сўнгра Ғазодаги Gaza Humanitarian Foundation (GHF) томонидан бошқарилаётган ёрдам марказига ташриф буюрди. У бу ерда озиқ-овқат тарқатиш тизимини кўздан кечирмоқда.

Уиткоффнинг ташрифи АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётган GHF ўз ёрдам тарқатиш марказларида деярли ҳар куни содир бўлаётган ўлим ҳолатлари туфайли кучли танқид остига олинган вақтга тўғри келди.

31 июл куни Уиткофф Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашиб, Ғазодаги ҳуманитар вазият ва ҲАМАС билан сулҳ бўйича музокараларни сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилганди.

Фото: Исроил бош вазири офиси

Юқори мартабали исроиллик расмийлардан бири Исроил ва АҚШ ўртасида чекланган сулҳ ўрнига янада кенгроқ битимга ўтиш зарурлиги борасида тушунув мавжудлигини билдирган. Бундай битим барча асирларни озод қилиш, Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазони демилитаризация қилишни ўз ичига олади. Бироқ Ҳамас бу борадаги позициясини бир неча бор такрорлаб, қуролсизланишни «қизил чизиқ» деб атаган.

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, АҚШ вакили Стив Уиткофф ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби жанубий Ғазо чекка ҳудудига етиб келган. Улар GHF ташкилоти қандай ишлаётганини ва жойлардаги фаолиятини шахсан ўз кўзи билан кўришмоқчи.

«Бугун биз Ғазода беш соатдан ортиқ вақт ўтказдик — жойлардаги ҳолатни ўрганиб, вазиятни баҳоладик. GHF ва бошқа ташкилотлар билан учрашдик. Ташрифдан мақсад – АҚШ президентига Ғазодаги ҳуманитар вазият ҳақида аниқ тушунча бериш ва аҳолига озиқ-овқат, тиббий ёрдам етказиш бўйича режа ишлаб чиқишга кўмаклашиш эди», деб ёзди Уиткофф.

Фото: Kann11
Фото: АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси

Бироқ бу фаластинликлар қандай танлангани, кимлар экани ва уларга нимани айтиш ёки айтмаслик бўйича босим бўлаётгани ёки йўқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Нашрнинг ёзишича, аслида ташрифнинг асосий мақсади, АҚШнинг Ғазодаги вазият, айниқса фаластинликларнинг очарчиликдан азият чекаётган ҳолатига бефарқ эмаслигини намойиш этиш бўлиши мумкин. Чунки олдинроқ Трампнинг ўзи ҳам Ғазода даҳшатли очарчилик борлигини тан олган эди.

Фото: АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси

АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби улар Ғазода Исроил ҳарбийлари томонидан брифинг ўтказилган ва «жойлардаги одамлар» билан мулоқот қилганини айтди.

Ҳакаби шунингдек, GHF ташкилотини мақтаб, бу ташкилот май ойида Ғазода ёрдам тарқатишни ўз зиммасига олганидан бери ҳар куни бир миллиондан ортиқ овқат етказиб бераётганини даъво қилди.

«Саҳналаштирилган пропаганда»

БМТнинг собиқ Бош котиби ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитз, бу ташриф «саҳналаштирилган бўлиши мумкин» деб ҳисоблашини айтди.

«Эҳтимол, улар кутилмаган нарсаларни кўришар. Мен бунга ишонмайман, чунки биз аллақачон жуда кўп нарсани кўрдик. Аммо бу ташриф катта ўзгариш олиб келади деб ўйламайман. Агар мен Ғазода очликдан ўлаётган икки миллион одамдан бири бўлганимда, бугун ёрдам марказига боришни хоҳлаган бўлардим. Бугун, эҳтимол, бошқа кунларга қараганда бироз хавф камроқдир», - деди Гриффитз.

Ғазода фаолият юритувчи кўплаб хорижий нашрлар мухбирлари ва ҳуқуқ фаоллари ҳам Уиткофф ташриф буюрган жойни «саҳналаштирилган пропаганда томошаси» дея баҳоламоқда.

Фото: Reuters

«Бугун Америка ёрдам марказларида шунчаки «инсонпарварлик ёрдами» деган ниқоб остида очиқча саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилмоқда. Бу марказларга Трампнинг вакили Стив Уиткофф ҳам ташриф буюрди. Ҳаммаси силлиқ ва маданиятли кўринади: на зўравонлик, на кўзни ачиштирувчи газ, на ўқ овози ва на қурбонлар бор, ҳаттоки одамларнинг тўполони ҳам йўқ».

Бу томошанинг мақсади аниқ — ҳақиқатни йўқ қилиш, минглаб видеоларда ҳужжатлаштирилган воқеаларни рад этиш, дейди фаоллар. Баъзи манбаларда ушбу ёрдам фақат Исроил билан ҳамкорлик қилаётган Ёсир Абу Шабабга содиқ бўлган ёлланма жангариларнинг оилаларигагина тарқатилганини даъво қилмоқда.

Фото: Associated Press / New York Times

Бундан ташқари, Уиткофф келган вақтда ёрдам пунктлари атрофида доим турадиган танклар ва снайперлар ҳудуддан олиб чиқиб кетилган.

Хон Юнусдаги Нассер шифохонасида ишлаётган америкалик педиатр Том Адамкевич АҚШ махсус вакили Стив Уиткоффни шифохонага ташриф буюришга ва очарчиликнинг ҳақиқий кўламини ўз кўзи билан кўришга чақирди.

«Мен жаноб Уиткоффнинг бу ерга келишини ва юзма-юз менга қараб гаплашишини хоҳлайман. Мен унга ҳаммасини кўрсатаман. Мен уни шифохона ташқарисидаги хавфсиз ҳудудда кутиб оламан ва шифохонага шахсан ўзим кузатиб кираман», - деди доктор Том Sky News телеканалига берган интервюсида.

«Ўлим тузоғи» ва умидсиз ташриф

Al-Jazeera нашрининг ёзишича, Уиткоффнинг ташрифи Ғазодаги «кўчирилган, руҳий зарба олган ва оч» одамлар учун ҳеч қандай умид бермайди. Бу ерда яшаётганлар «нега у биринчи куни келмади ва бу марказлардаги давом этаётган ваҳшийликларга чек қўймади?» дея савол бермоқда.

Фото: АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси

Ҳайратланарлиси шундаки, бугун тонгдан бери GHF марказларида ҳеч қандай ҳодиса қайд этилмади. Гувоҳларга кўра, сўнгги кунларда, дарвозалар очилиши билан, одамлар тўплангани заҳоти ўқ узилиши бошланарди.

Al-Jazeera марказий Ғазодаги Нусайрат қочқинлар лагерида яшовчи фаластинлик Иброҳим Мекки билан суҳбатлашди. У GHF бошқарувидаги ёрдам марказида юз берган зўравонлик саҳналарини тасвирлаб берди. Мекки Исроил ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилиш хавфи остида камида олти соат навбатда турганини, аммо охир-оқибат атиги бир неча пакет макарон билан қайтганини айтди.

«Ўқ узиш, ўлдириш, ўлим, вайронагарчиликлар. Ва буларнинг барчаси нимага? Фақат озгина овқат учун. Бу тузоқ, ўйин... Бироз ҳаракатланишга рухсат беришади, сўнг ўқ очилади», - деди у.

Фото: Reuters

Мекки ёрдам марказида «улкан» одамлар тўплангани, аммо улардан бор-йўғи 5 фоизигина бирор қийматли нарсани олишга муваффақ бўлганини айтди.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича идорасининг маълум қилишича, май ойидан бери Ғазода ёрдам кутаётган 1 373 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бу вақт оралиғида озиқ-овқат тарқатишни Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган GHF ташкилоти ўз зиммасига олган эди.

Шулардан 859 нафари GHF томонидан бошқариладиган ёрдам марказлари яқинида, яна 514 нафари озиқ-овқат конвойларини кутиб турган пайтда ўлдирилган.

«Бу ўлдиришларнинг аксарияти Исроил армияси томонидан содир этилган», - дейилади БМТ баёнотида.

Ғазода ҳалок бўлганлар сони ошмоқда

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб The Guardian нашрининг маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Исроилнинг турли ҳудудлар бўйлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида, камида 83 нафар фаластинлик, жумладан 53 нафар ёрдам изловчи, ҳалок бўлган, 554 киши яраланган.

Фото: AP

2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазода давом этаётган геноциди оқибатида эса жами 60 минг 332 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 147 643 киши яраланган.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид