Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгарияда сувда чўккан ўзбекистонлик талабанинг вафоти тасдиқланди. ТИВ зарур чоралар кўрмоқда
Болгариянинг Созопол шаҳрида сувда оқиб кетган ўзбекистонлик талабанинг вафоти тасдиқланди ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги бу бўйича ўз ҳамдардлигини эълон қилди. Айни пайтда фуқаронинг жасадини ватанга қайтариш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Болгариянинг Созопол шаҳрида чўмилгани борган 22 ёшли ўзбек талабаси сувда оқиб кетгани, йигитнинг танаси баҳайбат қоятошлар орасига тиқилиб қолгани ва уни чиқариб олишнинг имкони бўлмаётгани ҳақида Kun.uz хабар берганди. Маълум бўлишича, 9 соатлик қидирув ишларидан кейин қутқарув хизмати ходимлари эмас, балки талабанинг ўзбек, қирғиз ва молдовалик дўстлари уни қоятош остидан топишган.
Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Аҳрор Бурхоновнинг ёзишича, мамлакатимиз фуқароси Болгариянинг Созопол шаҳрида вафот этгани ҳақидаги хабарни вазирлик чуқур қайғу билан қабул қилган.
“Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Ушбу маълумот келиб тушиши билан, Болгария Республикасини қамраб олувчи Истанбулдаги Бош консулхонамиз билан дарҳол алоқа ўрнатилди. Ҳозирда дипломатларимиз марҳумнинг яқинлари ҳамда Болгариянинг тегишли давлат идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ишламоқда”, деб ёзган вазирлик матбуот хизмати раҳбари.
Айни пайтда вазият юзасидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, фуқаронинг жасадини ватанга қайтариш ишлари муҳокама қилинмоқда.