Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Россиянинг бир қўли банд эди» – Трамп-Путин келишуви Марказий Осиё учун нимани англатади?
Путин ва Трампнинг кутилаётган учрашуви нафақат глобал геосиёсат, балки Марказий Осиё тақдирига ҳам бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Аляскада ўтадиган бу мулоқот Россия, АҚШ ва Хитой ўртасидаги стратегик мувозанат, Зангезур йўлаги каби долзарб масалаларни ҳам қамраб олади. Савол шуки: бу учрашув минтақа мустақиллигини мустаҳкамлайдими ёки янги таъсир доираларига бўлиб бериш жараёнини бошлаб берадими?
“Геосиёсат”да таҳлилчилар мазкур мавзуни муҳокама қилишди.
Путин билан Трамп учрашуви Ўзбекистон ва Марказий Осиёга қандай таъсир қилади?
Фазлиддин Мадиев: Албатта, таъсири бор. Чунки биз глобал интеграцияга фаол қўшилаётган давлатмиз. Зангезур масаласи сўнгги пайтда тез-тез тилга олинмоқда. Шунингдек, Путиннинг телефон дипломатияси ҳам кучайди, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан алоқалар жадаллашди. Бу геосиёсий ўзгаришлар бизнинг ҳам таъсирчан давлатга айланаётганимиздан далолатдир. Россия бизнинг энг яқин савдо-иқтисодий ҳамкоримиз бўлиб, ижтимоий ҳаётимиз ҳам кўп жиҳатдан у билан боғлиқ. Шу боис ҳеч ким Россиядек йирик давлатни йўқотишни хоҳламайди. АҚШ учун асосий ташвиш Россиянинг Хитой сингари инновацион жиҳатдан тез ривожланиши. Чунки бундай ҳолат реал хавф туғдиради. Ҳозирча АҚШ учун ягона жиддий рақиб Хитой бўлиб қолмоқда. Катта давлатлар Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар эса табиийки бизга ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу вазият бизнинг халқаро муносабатлар ва геосиёсий майдондаги вазнимизни оширади. Зангезур коридори туфайли деярли АҚШ билан “қўшни” бўлдик ва бу бизга Хитой, Россия ҳамда Америка ўртасида мувозанат сақлашни ўрганиш учун ноёб имконият яратмоқда. Айниқса Қозоғистон ва Ўзбекистон бундай ёндашув бўйича ўтган йили биргаликда баёнот берган эди: ташқи сиёсатда позицияни биргаликда белгилаш. Агар Россия ёки Хитойдан босим бўлса, АҚШ томонини қўллаш, аксинча АҚШ босим ўтказса, Хитой ва Россия томонини танлаб мувозанатни сақлаш имконияти мавжуд.
Жаҳонгир Акрамов: Трамп ва Путиннинг учрашуви, шубҳасиз дунё тақдиридаги энг йирик геосиёсий воқеалардан биридир. Россия иқтисодий жиҳатдан орқада бўлса-да, МДҲ ҳудудида йирик давлат мақомини сақлаб қолган. Ҳатто Обама ҳам 2014 йилда уни “минтақавий кучли давлат” деб атаган. Шу сабаб бу учрашув жиддий геосиёсий кутилмаларни юзага келтиради. Хатар шундаки, тарихдаги XIX аср Вена конгресси ёки 1945 йил Ялта ва Потсдам конференцияларида бўлгани каби, таъсир доиралари бўлиб олиниши мумкин. Бу ҳолатда Марказий Осиё ҳам қайси давлат, қайси йирик куч таъсирига ўтиши масаласи кўтарилиши эҳтимоли бор. Натижада, минтақа ташқи сиёсатидаги мустақиллик камайиши мумкин. Марказий Осиё учун йирик давлатларнинг ўзаро рақобат ва қарама-қаршилик ҳолатини сақлаб қолиш кўпроқ имконият яратади. Масалан, 2022 йил Россия-Украина уруши бошлангач, МДҲ ҳудудида чегараларни демаркация ва делимитация қилиш жараёнлари фаоллашди. Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро чегара масалаларини ҳал қилишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, Марказий Осиё интеграцияси ва Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жонланди. Бироқ, йирик давлатлар ўзаро келишиб олса минтақанинг бирлашган ҳолда қарши чиқиш имконияти кескин камаяди.
Марказий Осиё давлатларининг кўпвекторли сиёсати ижобий ҳолат ва бунга интилиш лозим. Бироқ ҳозирча Россия минтақадаги энг катта таъсир кучига эга давлат Украинадаги уруш туфайли сезиларли даражада чекланган эди. Бу, образли айтганда, унинг “бир қўли банд” бўлиши минтақа учун фойдали вазият яратди.
Масалан, ҳозир Озарбойжон-Арманистон шартномаси тўлиқ кучга кирмаган. Европа давлатлари ҳам Украинадаги урушнинг тез тугашини шошилинч хоҳламаётгани бежиз эмас, бу уларга қуролланиш ва ҳарбий тайёргарлик учун вақт бермоқда. Беш йил ичида, тахминан 2028-2030 йилларда, Болтиқбўйи давлатлари ва Полша Россия билан тенг ҳарбий даражага чиқишни мақсад қилган; бу борада 80 миллиард долларлик йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу орада Россия атрофидаги бошқа давлатлар ҳам ички муаммоларини ҳал қилиб, темирйўл каби йирик инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириш имконига эга бўлади. Зангезур йўлаги ҳам ҳали ишга тушмаган, 2026 йилги референдумдан кейин фаоллашиши кутилмоқда. Агар бу амалга ошса, Россия имкониятлари кескин ошиб, Украинага сарфланган харажатларнинг бир қисмини бошқа сиёсий технологияларга йўналтириб, постсовет ҳудудидаги таъсирини кучайтириши мумкин. Шу боис буни муҳим хавф деб биламан.
Аляскадаги учрашувдан қандай натижаларни кутиш мумкин?
Жаҳонгир Акрамов: Аввало, бу учрашув ҳар қандай ҳолатда ҳам Путин учун дипломатик ғалаба бўлиши мумкин. Учрашув ҳали бўлмаган бўлса-да, Ғарбнинг уч ярим йиллик изоляция сиёсати самарасиз тугагани кўринмоқда. Трамп амалда Путинни дипломатик реабилитация қилиш жараёнини бошлаб берди. Россия эса буни Байден давридаги изоляция уринишларининг муваффақиятсиз якуни сифатида талқин қилиши мумкин. Шу билан бирга, бу учрашув АҚШ президенти учун катта сиёсий хавф. Чунки у АҚШ тарихида биринчи марта амалдаги иттифоқчисига ҳужум қилаётган давлат раҳбарини ўз юртида қабул қилмоқда. Бу 2022 йилдан бери давом этаётган агрессиянинг жазоланмаслигини англатиши мумкин. Трамп эса Путинни қизил трап билан кутиб олишга тайёр. Бундай ҳолат халқаро тартиботга раҳбарлик қилувчи АҚШнинг бу агрессияни оқлаш ёки кўз юмишини кўрсатади. Бу эса Трампнинг шахсий сиёсий ёндашуви билан миллий манфаатлар ўртасидаги фарқни очиб беради.
Тарихда йирик давлат раҳбарлари бетараф ҳудудларда учрашган, 1945 йил Ялта, Потсдам, 1955 йил Женева, 1972 йил Никсоннинг Хитойга ташрифи. Бироқ ҳозирги ҳолат ўзига хос: АҚШ де-факто иттифоқчисига қарши уруш олиб бораётган Россия раҳбарини ўз ҳудудида, рамзий маънога эга Аляскада қабул қилмоқда. Аляска 1867 йилда Россиядан сотиб олинган, ҳам географик, ҳам тарихий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга ҳудуд. Делегация таркиби ҳам учрашув мақсадларини кўрсатади. Россия томонидан мудофаа ва молия вазирлари, иқтисодий масалалар бўйича мутахассислар, жумладан Антон Силуанов ва Кирилл Дмитриев қатнашади. Бу, Арктика имкониятлари ва иқтисодий лойиҳалар орқали Трампни ўзаро манфаатларга жалб этиш режасидан далолат беради. АҚШ томонидан эса Ж.Д.Вэнс ва Марко Рубио каби йирик сиёсатчилар иштирок этади.
Муҳим мавзулардан бири 2026 йил февралида “Стратегик қуролларни чеклаш шартномаси” тугайди. Томонлар бу келишувни узайтириб, “Тинчлик ташаббуси” сифатида кўрсатишга уриниши мумкин. Бу ҳам Трамп, ҳам Путин учун сиёсий ютуқ бўлади.
Учрашув бўйича эҳтимолий учта сценарий мавжуд:
- Шартсиз ўт очишни тўхтатиш- энг мақбул, аммо эҳтимоли жуда паст. Бу Путиннинг талабларидан орқага чекинишини англатади ва Трамп учун катта ғалаба бўлар эди.
- Келишувсиз якун - ҳеч қандай қўшма баёнот бўлмайди. Бу ҳолда Путинни дипломатик муваффақиятсизликда айблашлари мумкин.
- Қисман келишув - Путин Трамп талабларининг бир қисмини қабул қилгандек бўлиб, ўз шартларини қўшади. Бу энг эҳтимолли вариант. Трампнинг можарони етарлича тушунмаслиги Путинга қўл келиши мумкин.
Бироқ бу учрашувдан Ялта ёки Потсдам даражасидаги натижани кутиш асоссиз. Чунки ҳозирги халқаро муҳитда Европа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон, Туркия каби кўплаб таъсирли ўйинчилар мавжуд. Шунингдек, АҚШ ичида ҳам бундай учрашувга қаршилик бўлади. Хулоса қилиб айтганда, бу учрашув катта музокаралар жараёнининг фақат бошланиши йирик сиёсий рингдаги биринчи раунд бўлиши мумкин.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
20:26 / 19.06.2026
Эрон яна Ҳўрмуз бўғози ёпилганини эълон қилди
18:47 / 18.06.2026
Қозоғистон Марказий Осиёда энг кўп ичадиган давлат бўлиб чиқди — тадқиқот
13:35 / 18.06.2026