Жаҳон | 11:22 / 19.08.2025
10966
4 дақиқада ўқилади

Путин Херсон ва Запорижжяга даъволаридан воз кечдими?

Овал кабинетда Украинанинг Россия босиб олган ҳудудлари акс этган харита пайдо бўлди. Шунга қарамай, Трамп, Зеленский ва Европа етакчилари учрашувида ҳудудлар алмашинуви кутилмалардан фарқли равишда асосий мавзулар қаторида бўлмагандек таассурот уйғонди. “Геосиёсат”да сиёсатшунослар Путиннинг Донбасс даъвоси юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Аляскадаги учрашувдан кейин Россия Донбассни тўлиқ эгаллаш ниятида экани медиадаги асосий мавзулардан бири бўлганди. Лекин Оқ уйдаги учрашувларда Украинанинг ҳудудий ён бериш масаласи асосий мавзуга айланмагандек.

Шуҳрат Расул: Аляскадаги учрашувда Путин фақат Донбасс масаласини музокаранинг марказий мавзусига айлантирган. Ҳолбуки, илгари Россия Херсон ва Запорижжя вилоятларини ҳам Конституциясига киритган ва асосий талаб сифатида илгари суриб келган эди. Энди эса бу икки ҳудудни тўлиқ Россияга бериш Путиннинг талабларидан четда қолди. Бу Россиянинг дастлабки “беш вилоят” ҳақидаги даъволаридан орқага чекинаётганини кўрсатади.

Агар Москва ҳануз беш вилоятни қайтариш талабида қатъий турганида, эҳтимол Трамп музокараларда воситачилик қилмаган бўларди. Демак, Трамп ва Путин ўртасида қандайдир яширин келишувлар бўлиши мумкин. Уларнинг асл мазмуни эса яқин кунларда бўлиб ўтадиган учрашувларда ойдинлашади.

Путин айтаётган версия: Херсон ва Запорижжяда фронт чизиғини музлатиб, Донбассни тўлиқ Россия назоратига ўтказиш, эвазига рус қўшинлари Харкив ва Суми вилоятларидан чиқиб кетиши ҳақидаги таклиф жуда нопропорционал ва адолатсиз. Чунки Украина Донбассда 6500 квадрат километр ҳудудни назорат қилмоқда, Россия эса Харкив ва Суми вилоятларида бор-йўғи 1000 квадрат километрни эгаллаган.

Бектош Бердиев: Айни вақтда Володимир Зеленский жуда мураккаб вазиятда қолмоқда. Европа етакчилари уни қўллаб-қувватлаяпти, лекин фронтдаги ҳолат уларнинг сиёсий баёнотларидан анча фарқ қилади. Энг нозик масала – ҳудудлар тақдири. Ғарб босим ўтказган тақдирда ҳам, “ҳудудлар алмашинуви” Украинага мақбул эмас. Зеленский олдида давлат, халқ ва ҳудуд тақдири турибди. Шундай мураккаб вазиятда унинг энг катта таянчи – дипломатия. Эҳтимол, барча босимларга қарамай, у ўз позициясида қатъий қолишга ҳаракат қилади.

Умрбек Юсупов: Ҳозирда де-юре эмас, де-факто келишув ҳақида гап кетмоқда. Олдимизда турган 10 кун ичида Европа етакчилари Украина учун асосий хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиши керак, аммо бу муддат жуда қисқа. Марк Рютте таъкидлаганидек, фронтдаги мавжуд чегара чизиғи аниқланмасдан туриб, тинчликпарвар кучларни жойлаштиришнинг имкони йўқ. Биринчи навбатда ўт очишни тўхтатиш зарур. Германия ва Франция етакчилари ҳам: “оташкесим бўлмаса, кейинги босқични тасаввур қилиш мумкин эмас”, деб таъкидлади. Демак, иккала томон ҳам ўқ узишни тўхтатмагунча хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапириш бефойда.

Зеленский учун Россия босиб олган ҳудудларни қонуний тан олиш халқ олдида оғир жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин, шу боис у бундай қарорга имзо қўймайди. Шунинг учун вақтинча келишув таклиф қилинмоқда. Ҳозирги шароитда бундан бошқа йўл кўринмаяпти.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид