Жаҳон | 13:07 / 21.08.2025
4487
2 дақиқада ўқилади

«Фақат Москвада эмас» - Зеленский Путин билан эҳтимолий учрашув ҳақида гапирди

Украина президентининг фикрича, бундай учрашув Европанинг нейтрал давлатида бўлиб ўтиши керак.

Фото: УНИАН

Украина Владимир Путин билан икки томонлама учрашувга тайёр, аммо Россия бунга тайёр бўлмаса, АҚШ кучли реакция билдириши керак. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар билан суҳбатда айтди.

«Икки томонлама учрашувга дарҳол муносабат билдирдим. Биз тайёрмиз. Руслар тайёр бўлмаса-чи? Европаликлар бу масалани кўтарди. Агар руслар бунга тайёр бўлмаса, унда биз Қўшма Штатларнинг бунга кучли реакциясини кўришни хоҳлардик», деб таъкидлади у.

Зеленскийнинг қайд этишича, АҚШ Путин аввал Украина президенти билан икки томонлама, кейин эса Доналд Трамп билан уч томонлама учрашувга рози бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

«Тан олишим керак, чунки агар томонлардан бири бу урушни тугатишни истамаса, Америка бунга жавоб қайтаради. Биз бу урушнинг тугашини истаймиз ва буни аниқ кўрсатмоқдамиз. Шундай қилиб, энди Россия томонидан қадам ташланиши керак», деб таъкидлади Зеленский.

Украина президентининг фикрича, учрашув нейтрал Европада, масалан Швейцария ёки Австрияда ўтказилиши адолатдан бўлади. Унинг сўзларига кўра, буни Европа етакчилари ҳам қўллаб-қувватламоқда, чунки уруш Украинада ва Европа қитъасида. «Москвада учрашув бўлиши мумкин эмас», деб таъкидлади у.

Зеленскийнинг айтишича, Европа етакчилари иштирокида Овал кабинетда бўлиб ўтган учрашувда руслар билан учрашувга тайёргарлик кўриш бўйича Америка томонининг мувофиқлаштирувчи гуруҳи АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф ва АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнсдан иборат бўлиши келишилган.

Шу билан бирга, у Украина 7-10 кун ичида хавфсизлик кафолатлари архитектураси ҳақида тушунчага эга бўлишни истаётганини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид