Жаҳон | 08:26 / 21.08.2025
3173
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон крипто тармоқларига қарши АҚШ ва Буюк Британия санкциялари жорий қилинди

Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун ёрдам бераётган молиявий компанияларга қарши чеклов чоралари кўрилди.

Фото: Getty Imagеs

Британия ҳукумати Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун ёрдам бераётган молиявий компанияларга, жумладан, Қирғизистон криптовалюта тармоқларига қарши санкциялар жорий қилди.

Қайд қилинишича, Россия Қирғизистон молия сектори ва крипто тармоқларини шаффоф бўлмаган транзакцияларни амалга ошириш учун жалб қилган.

Санкциялар уч нафар жисмоний ва беш нафар юридик шахсга нисбатан қўлланган. Жумладан, Capital Bank ва унинг директори Кантемир Чалбаев, шунингдек, А7А5 янги рубл токени инфратузилмасига жалб қилинган Grinex ва Meer криптовалюта биржалари бор. Британия томони маълумотларига кўра, ушбу токен тўрт ой ичида 9,3 миллиард долларлик операцияларни амалга оширган ва Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун махсус яратилган.

Қирғизистон молиявий тузилмаларидан ташқари, Люксембургнинг Altair Holding компанияси ҳам Британия санкциялари остида қолди. Лондонга кўра, у Россия молия секторида бизнес билан шуғулланувчи ташкилотларни назорат қилиш орқали Россияни қўллаб-қувватлайди.

Ўз навбатида, АҚШ ҳам Grinex криптовалюта биржасига қарши санкциялар жорий қилиб, уни 2022 йилда қора рўйхатга киритилган Россиянинг ёпиқ Garantex криптобиржасининг «меросхўри» деб атади. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Garantex кибержиноятчиларга ёрдам берган ва 100 миллион доллардан ортиқ ноқонуний транзакцияларни амалга оширган, Grinex эса санкцияларни четлаб ўтиш учун яратилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид