Ўзбекистон | 19:55 / 22.08.2025
3274
2 дақиқада ўқилади

“Бугун чегараларгина эмас, кўнгилларимиз ҳам очиқ” – Саида Мирзиёева Бишкекдаги тадбирда нутқ сўзлади

Ўзбекистон Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистонга сафари давомида Zakovat Asian Cup II турнири якунига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Бир пайтлар ёпилган чегаралар очилди, кўзу қошдек яқин, бирида ўзбеклар, иккинчисида қирғизлар яшайдиган қишлоқлар ўртасидан тортилган симтўрлар олинди, айрилиққа маҳкум этилган оилалар яна бирлашди, болалар ота-оналарининг бағрига қайтди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов “Чингиз Айтматовнинг Оқ кемаси – инсониятни халос қиладиган умид кемаси, нажот кемасидир” деганида нақадар ҳақ бўлганини вақтнинг ўзи ҳам исботлади.

Бугун дунёда таҳлика, турли зиддиятлар ва нотинчликлар авж олаётган мураккаб бир даврда Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам ўзаро тотувлик, ҳурмат ва тинчлик муҳити ҳукм сураётганини нафақат биз, халқларимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.

Икки давлат раҳбарлари — ҳурматли Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг сиёсий иродалари боис яна биргамиз, яна бирдаммиз.

Мамлакат Лидерлари намоён этаётган бу ибрат йўли – халқларимиз фаровонлиги, давлатларимиз тараққиётининг кафолатидир.

Чунки бугун чегараларгина эмас, кўнгилларимиз ҳам очиқ!

Ёшларимиз илм-фанда, маданиятда, санъатда, спортда, тадбиркорликда ва бугунгидек интеллектуал мусобақаларда елкама-елка, чин юракдан ҳаракат қилишмоқда. Катта натижаларга ҳам эришмоқдалар, деган Саида Мирзиёева ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева шу йил 19-20 август кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкекка ташриф буюрди.

Ташриф доирасида мамлакат президенти Садир Жапаров ва Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари – Вазирлар Маҳкамаси Раиси Адилбек Қасималиев билан учрашди. Шунингдек, Бишкек шаҳрида ўтган "Аёл — дунёни яхшилик сари ўзгартирувчи лидер" халқаро форумида ҳам қатнашди.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид