Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саммит, миграция, виза, авиайўналишлар, 2 та грант, коммюнике – Япония ТИВ Ўзбекистонга нега келди?
Япония ташқи ишлар вазири Ивая Такеши 26-27 август кунлари Ўзбекистонда бўлди. Сафари давомида президент Мирзиёев ва ҳамкасби Саидов билан учрашди. Ташқи ишлар вазирлигида биринчи стратегик учрашув бўлиб ўтиб, қўшма коммюнике имзоланган. Матбуотга маълум қилинишича, япон делегацияси Ўзбекистондаги мулоқот давомида расмийлар билан Марказий Осиё+Япония саммити, виза ва авиайўналишлар, инсон капиталига иккита грант ажратиш, халқаро вазият бўйича гаплашган.
Фото: Президент матбуот хизмати
Марказий Осиё+Япония саммити: сана ҳали аниқ эмас
Япония ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби, вазир ёрдамчиси – Китамура Тошиҳиронинг айтишича, Такешининг сафаридан асосий мақсад минтақа билан диалогни жонлантириш, Марказий Осиё билан янада яқинлашиш, ҳамкорларни тинглаш. Бундан ташқари, ўтган йилнинг август ойи охирида ўша вақтдаги ҳукумат раҳбари – Фумио Кишиданинг зилзила ва цунами хавфи ортидан қолдирилган сафари ҳамда саммитни ўтказиш бўйича гаплашиб олиш керак.
Ивая Такешининг вазир сифатида бу регионга биринчи марта келиши ва Ўзбекистондан аввал у Қозоғистонда бўлиб, учрашувлар ўтказган. 27 август куни Тошкентда бўлиб, Ташқи ишлар вазирлигида имзоланган коммюнике 16 банддан иборат.
Унда япон замонавий технологияларини иқтисодиётнинг турли йўналишларига жалб этиш, ахборот технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва инновациялар, яшил иқтисодиёт, озиқ-овқат ва аграр, сув менежменти ҳамда халқ дипломатияси бўйича ҳамкорлик ҳақида сўз борган.
Япон томонига кўра, қолдирилган Марказий Осиё+Япония саммитини ўтказиш борасида тайёргарлик давом этмоқда, лекин санаси ҳали аниқ эмас.

Япония Ўзбекистонга иккита грант ажратади
Япония дунёнинг энг ривожланган 7 давлатидан бири сифатида ҳамкорлари билан аввало иқтисодий яқинликка урғу беради. Ўзбекистон билан ҳам диалогнинг бош мақсади – иқтисодий манфаатларда бўлади. Матбуот котиби Китамуро Тошиҳиронинг маълум қилишича, Япония Ўзбекистонга иккита грант ажратади. Иккаласи ҳам инсон капиталини ривожлантириш бўйича, лекин бу грантларнинг ҳаммаси давлат амалдорлари ва ҳукуматдагилар, давлат хизматчиларига мўлжалланган.
“Ҳозиргача Японияда 430 дан ортиқ давлат хизматчилари ўқиб қайтган. Ўзбекистондаги музокаралар чоғида яна иккита грант ажратилиши эълон қилинди. Уларнинг иккаласи ҳам инсон капитали учун. Улардан бири бевосита давлат хизматчиларининг Японияда ўқитилиши бўлса, иккинчиси БМТТД доирасида касбий таълимга қаратилади. Бу лойиҳа Сурхондарё вилоятида амалга оширилади”, - дейди матбуот котиб Тошиҳиро.
Виза осонлашмайди, тўғридан тўғри рейсларни кўпайтириш режаси йўқ
Япония - визасини олиш қийин бўлган давлатлардан бири. Бироқ сўнгги пайтларда саёҳат визасини олиш бироз осонлашган. Бу виза тури билан Японияга бориб, ноқонуний муҳожирга айланаётганлар сони ҳам секин-аста кўпайгани боис япон томони виза сиёсатида буни эътиборга олишга қарор қилган.
“Виза сиёсатини ўзгартириш ва уни олишни осонлаштириш борасида қандайдир режамиз йўқ. Чунки ноқонуний меҳнат мигрантлари кўпаймоқда, саёҳат визасини олганлар Японияда қолиб кетяпти, ўртада буни бизнес қилаётганлар ҳам бор”, дейди вазир ёрдамчиси Тошиҳиро.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон билан тўғридан тўғри рейсларни кўпайтириш масаласи ҳам муҳокамада эмас ва айни пайтда ҳукуматлар бу ҳақида гаплашмаяпти. Ҳозир Тошкентдан Токиога мавсумий тўғридан тўғри рейслар бор ва бошқа шаҳарлардан рейс қўйиш ҳақида ўйланмаяпти.
Япония хориждан меҳнат мигрантларини қабул қилишга шошилмайди
Япония аҳолиси бугун 124 миллион, бироқ 50 йилдан кейин ҳаттоки, 70-80 миллионга тушиб қолиш эҳтимоли бор. Бу эса иқтисодиёт, ЯИМ ва ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Йўқотилган иш ўринларини малакали ишчилар билан тўлдиришдек масъулиятли вазифа – япон ҳукумати олдида турибди. Лекин бу давлат хориждан ишчи олишга шошилмайди.
“Ҳа, халқимиз йилдан йилга камайиб боряпти. Ўзбекистонда ҳар йили 800 минг, 1 миллионга кўпайса, бизда бунинг акси. Келажакда 50 йилдан кейин 70-80 миллионга ҳам тушиб қолишимиз мумкин, лекин барибир чет элдан одамларни жамиятимизга қўшишга жиддий қараймиз. Чунки япон халқи чет элликларни қабул қилиш масаласига унчалик ҳам очиқ эмас ва буни ўта ижобий баҳоламайди, ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозим”, деди Китамура Тошиҳиро.
Японияда ҳукумат ўзгарса ҳам, Марказий Осиёга нисбатан сиёсат ўзгармади
2020 йилдан бери Японияда бош вазир 3 марта ўзгарди, қисман барқарор давр Фумио Кишиданики бўлди. У 2021-2024 йилларда япон ҳукуматига раҳбарлик қилди. Марҳум Шинзо Абе эса энг узоқ муддат хизмат қилган бош вазирлардан эди. 2010 йилдан ҳозиргача эса жами ҳисобда 6 марта бош вазир ўзгарди, 7 та вазир хизмат қилди. Лекин ҳукуматни деярли ҳар гал ҳукмрон партия – Либерал-демократик партия тузиб келади, фақат бир марта мухолифат ҳукумат тузган.
Демак, Япониядаги ҳукуматнинг тез алмашинуви дунё билан алоқаларга жиддий таъсир қилмайди. Хусусан, Марказий Осиёга сиёсат ўзгармайди. Аслида Япония 2004 йилда бошлаган «МО+» формати бугун бошқа давлатлар билан ҳам давом этяпти.
“Марказий Осиё давлатлари билан бундай форматни аслида биз бошлаганмиз, кейинчалик турли катта давлатлар буни давом эттирди. Бу давлатлар билан регионал алоқалар олиб борамиз, ҳукумат ўзгарса-да, бу минтақага қараш ва сиёсат у қадар ўзгармайди”, дейди Китамура Тошиҳиро.
Вазирлик вакиллари билан учрашувда берилган саволлардан яна бири ҳарбий ҳамкорлик хусусида. Матбуот котиби Тошиҳиронинг айтишича, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония давлатнинг ҳарбий эмас, иқтисодий ривожланишига урғу берган. Демак, Токио ҳалиям дунёнинг гигантларидан экан, урғуни иқтисодга беради. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик ва қўшма ҳарбий машғулотлар борасида диалог йўқ.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.
Мавзуга оид
10:13
Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди
08:33
The Japan News: «Ўзбекистон чорраҳада — Тошкент Марказий Осиёда янги даврни шакллантирмоқда»
23:37 / 17.12.2025
Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан виза тартибини соддалаштириш бўйича музокара ўтказди
18:08 / 17.12.2025