Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳар бир қишлоқ ва маҳаллага шаҳардаги қулайликларни олиб кирамиз – Шавкат Мирзиёев
Президент Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирида нутқ қилди ва келажакда «яшил» энергия улуши оширилишини, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кенгайтирилишини, мастер режалар асосида ҳар бир қишлоқ ва маҳаллага шаҳардаги қулайликлар олиб кирилишини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғида давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирида нутқ қилди.
«Иқтисодиётимиз ривожланиши, аҳолимиз кўпайиши билан хавфсиз ва барқарор энергия ресурсларига талаб ортмоқда. Ўтган саккиз йилда истеъмолчилар сони 25 фоизга, яъни қўшимча 1 миллион 600 мингтага, истеъмол ҳажми эса 54 фоизга ёки қўшимча 25 миллиард киловатт-соатга ошди. Шунинг учун «яшил» энергия улушини ошириш бўйича мисли кўрилмаган қадамлар қўйилди. Натижада электр ишлаб чиқариш қувватлари 2016 йилдаги 59 миллиард киловатт-соатдан 85 миллиард киловатт-соатга етди, келаси йилда бу 97 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади. Шу йилнинг ўзида 6,5 миллиард киловатт-соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилди. Энг муҳими, жами генерация қувватларида «яшил» энергия улуши 30 фоизга етди. 2030 йилгача яна 35 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан «яшил» энергия улуши 54 фоизга олиб чиқамиз», деди президент.
Давлат раҳбари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси кенгайтирилишини айтди.
«Табиатга меҳрли муносабат орқали келажак авлодларга унумдор ер, зилол сув, мусаффо ҳавога эга бўлган гўзал Ватанни мерос қилиб қолдиришни муқаддас бурчимиз, деб биламиз. Шу мақсадда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларимизни янада кенгайтирамиз», деди президент.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, сўнгги саккиз йилда 31 миллион квадрат метрдан ортиқ ёки қарийб 12 мингта кўп қаватли уй-жой барпо этилгани тарихий қадам бўлди.
«Шу йилнинг ўзида «Янги Ўзбекистон» ва бошқа массивларда яна 130 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қурилиб, аҳолига топширилади. 2030 йилгача бутун дунёда қўлланаётган «яшил шаҳар» стандартлари асосида барча шаҳарларимизда яшиллик даражаси 30 фоизга етказилади. Натижада мамлакатимиз барқарор энергия билан таъминланади, экологияга, одамларимиз саломатлигига зарарли таъсирлар кескин камаяди. Шу билан бирга, мастер режалар асосида ҳар бир қишлоқ ва маҳаллага шаҳардаги қулайликларни олиб кирамиз. Кичик шаҳарларни замонавий инфратузилма асосида ривожлантириб, уларни янги босқичга кўтарамиз», деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
13:20
2030 йилгача 17 минг МВтдан ортиқ «яшил» энергия қувватлари ишга туширилади
17:57 / 19.11.2025
Қайси ҳоким натижа кўрсатса, шу туман кўп маблағ олади — президент
13:05 / 23.10.2025
Ўзбекистонда “яшил” энергия улуши 23 фоизга етди
22:15 / 10.10.2025