Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган аёллар учун қўлланма: илк қадамлар, имкониятлар ва тўсиқлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёлларнинг бизнес соҳасига кириб келиши ва унда фаолият олиб бориши сезиларли даражада ўсди. БМТ Тараққиёт Дастурининг 2025 йилга оид ҳисоботида қайд этилишича, бугун мамлакатда 2,1 миллионга яқин аёл ўз шахсий бизнесини юритмоқда. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан етти баробарга ошган.
Мутахассислар бу ўсишни қуйидаги бир нечта омил билан изоҳламоқда:
- Давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайди;
- Пандемия кўп аёлларни ўзини ўзи банд қилишнинг янги йўлларини излашга ундади;
- Рақамли технологиялар ва онлайн савдо уйда ўтириб ҳам бизнес бошлаш имконини берди.
Молиявий тўсиқлар ва давлат дастурлари
Шу билан бирга, аёллар учун тадбиркорликни бошлашдаги асосий тўсиқлардан бири — молиявий ресурслар етишмаслиги ҳисобланади. Бу муаммони енгиллаштириш мақсадида давлат бир қатор механизмларни жорий этган.
Жумладан, “Аёллар дафтари” орқали тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларга фоизсиз кредитлар, субсидия ва грантлар ажратиш тизими амалда. Бу дастур кўплаб аёлларнинг реал бизнесга қадам ташлашига туртки бўлмоқда.
Ғоя ва бозорни таҳлил қилиш — биринчи қадам
Бизнес бошлашда биринчи ва асосий босқич — ғоя танлаш ва уни бозор талабига мослаштиришдир. “Startup News 2025” таҳлилларига кўра, ҳар қандай бизнес ғоя аввал кичик тажриба орқали синовдан ўтказилиши керак. Агар бу босқичга эътибор берилмаса, вақт ва маблағ беҳуда сарфланиши мумкин.
Масалан, янги очилган оилавий кафе мижозларни жалб этиш учун нафақат мазали овқат, балки бошқалардан ажралиб турувчи сервис концепциясига эга бўлиши шарт.
Ҳуқуқий саводхонлик: муҳим, аммо эътибордан четда
БМТнинг юқоридаги ҳисоботида қайд этилишича, кўплаб аёллар корхона рўйхатдан ўтказиш, солиқ тизимига мослашиш ва меҳнат қонунчилигини тушунишда қийналмоқда. Бу эса бизнесни бошлаш жараёнини секинлаштирмоқда.
Мутахассислар аёллар учун махсус ҳуқуқий маслаҳат марказларини кўпайтириш, бепул ҳуқуқий ёрдам хизматларини йўлга қўйишни таклиф қилмоқда.
Таълим ва менторлик: дадил киришиш учун асос
Бизнесда муваффақиятга эришиш учун фақат молия ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш етарли эмас. Аёллар учун қисқа муддатли таълим курслари — маркетинг, бухгалтерия, рақамли технологиялар ва бошқарув бўйича билим бериш — катта аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, менторлик дастурлари орқали тажрибали тадбиркорларнинг билим ва кўникмаларини бошқалар билан бўлишиши аёллар учун йўл-йўриқ вазифасини ўтайди.
Рақамли имкониятлар — уйда ўтириб ҳам бизнес қилиш мумкин
Бугунги рақамли даврда аёллар учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Электрон тижорат, онлайн тўлов тизимлари, ижтимоий тармоқлардаги маркетинг орқали маҳсулот ва хизматларни кенг аудиторияга етказиш мумкин.
Хусусан, уй шароитида ишловчи аёллар ўз маҳсулотларини интернет платформалари орқали сотиш, бозорда ўз ўрнини топиш имкониятига эга бўлмоқда.
Аёлларнинг тадбиркорликдаги фаоллиги нафақат иқтисодий ўсишга, балки жамиятда тенглик ва инклюзивликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бунда давлат сиёсатининг барқарорлиги, таълим ва маслаҳат тизимининг ривожланиши, айниқса, жойлардаги аёлларни қўллаб-қувватлаш механизми ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Мавзуга оид
09:31 / 16.05.2026
Ўзбекистонда аёлларга нисбатан эркаклар сони кўпроқ — статистика
18:10 / 08.05.2026
Ҳаёт эвазига ҳаёт: уруш Украинада аёллар танасини бозорга айлантирди
16:11 / 02.05.2026
“Тасалли берувчи аёллар” маскани — япон ҳарбийлари қанча қиз-аёлни жинсий қулликка маҳкум этганди?
10:53 / 24.04.2026