Жамият | 10:50
781
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аёллар умр кўриш бўйича эркаклардан олдинда

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, аёллар эркакларга нисбатан ўртача 4,4 йил узоқроқ умр кўрмоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, 2025 йилда мамлакатда доимий аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етган.

Жумладан, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 77,3 ёшни ташкил этган бўлса, эркакларники 72,9 ёш бўлган.

Шу тариқа, статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аёллар эркакларга нисбатан ўртача 4,4 йил узоқроқ умр кўрмоқда.

Аввалроқ Миллий статистика қўмитаси мамлакат аҳолисининг ўртача ёшига оид маълумотларни ҳам эълон қилган эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мамлакатда 0–4 ёшли болалар сони 4 миллион 607 минг 149 нафарни ташкил этган. Бу энг йирик ёш гуруҳларидан бири ҳисобланади.

5–9 ёшдагилар сони 3 миллион 859 минг 606 нафар, 10–14 ёшдагилар 3 миллион 406 минг 515 нафар, 15–19 ёшдагилар эса 3 миллион 155 минг 802 нафарни ташкил қилган.

20–24 ёш тоифасида 2 миллион 662 минг 250 нафар, 25–29 ёшдагилар орасида 2 миллион 649 минг 263 нафар, 30–34 ёш гуруҳида эса 3 миллион 167 минг 974 нафар аҳоли қайд этилган.

Шунингдек, 35–39 ёшдагилар сони 3 миллион 90 минг 226 нафар, 40–44 ёшдагилар 2 миллион 687 минг 261 нафар, 45–49 ёшдагилар 2 миллион 242 минг 676 нафарни ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид