Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида транзит савдо битими ишлаб чиқилади
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Исломобод шаҳрида Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Йил бошидан бери ўтказилган икки томонлама олий ва юқори даражадаги мулоқотлар, жумладан, 25-26 феврал кунлари Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга бўлиб ўтган расмий ташрифи доирасида икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзолангани қайд этилди. Ташриф якунларига кўра эса, барча келишувларни самарали амалга оширишни таъминловчи қўшма "Йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишилди. Маърузада Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. 17 июл куни Кобул шаҳрида уч давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан Трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга оширишнинг ТИА асоси бўйича ҳадли битим имзолангани урғуланди.
Ўзбекистон расмий вакили иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатига тўхталиб, 2024 йилда икки томонлама савдо ҳажми 400 миллион доллардан ошганини, 2025 йилнинг биринчи ярмида эса 253,7 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 123 фоизга ўсгани билдирди. Яқин истиқболда савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Элчихона томонидан Исломобод, Лаҳор ва Карачида Made in Uzbekistan кўргазмалари ва Food Fest тадбирлари ўтказилди ҳамда умумий қиймати 120 миллион доллар бўлган янги тижорат ва инвестиция шартномалари имзоланди, Лаҳор ва Карачида Ўзбекистон-Покистон Савдо уйлари очилди, турли идоралараро ва бизнес делегацияларнинг ташрифлари ташкил этилди.
Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасидаги товарлар сонини 17 тадан 100 тагача ошириш, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида уч томонлама транзит савдо битими лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида музокаралар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
Транспорт-логистика соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Тошкент ва Лаҳор ўртасида 2 та, Тошкент ва Исломобод ўртасида 1 та авиарейс амалга оширилмоқда. Қўшма логистика компаниясини ташкил этиш бўйича ишлар олиб давом этмоқда, мамлакат, шунингдек, Карачи ва Гвадар портларидан минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш учун фаол фойдаланиш ниятида экани таъкидланди.