Жаҳон | 22:06 / 29.08.2025
18822
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонлик «қонундаги ўғри» Қамчибек Кўлбоевнинг собиқ уйида болалар боғчаси очилди

Аввалроқ, ҳашаматли қаср суд қарори билан мусодара қилиниб, шаҳар балансига ўтказилган эди. Маҳаллий ҳокимият аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда унда таълим муассасаларини жойлаштиришга қарор қилди.

Фото: Sputnik

Қирғизистонлик «қонунга беписанд ўғри» Қамчибек Қўлбоевнинг Чўлпонота шаҳридаги собиқ уйида болалар боғчаси, туман таълим бўлими ва болалар ижодиёти маркази очилди.

Аввалроқ, ҳашаматли қаср суд қарори билан мусодара қилиниб, шаҳар балансига ўтказилган эди. Маҳаллий ҳокимият аҳолининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда унда таълим муассасаларини жойлаштиришга қарор қилди.

Таъкидланишича, буларнинг ҳаммаси 67 сотихли битта участкада жойлашган. «Баластан» болалар боғчаси 100 ўринга мўлжалланган.

«Коля-қирғиз» лақабли Қамчибек Қўлбоев Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири эди. АҚШ разведка идоралари уни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига ва Қўшма Штатлардаги мол-мулки мусодара қилиниши керак бўлган собиқ СССР мамлакатларидан келган топ-10 жиноятчи қаторига киритган. Қўлбоевни ҳибсга олиш ёки унинг уюшган жиноий гуруҳининг «молиявий оқимини бузиш»га ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот эълон қилинган эди.

Қўлбоев 2023 йил 4 октябр куни Қирғизистон хавфсизлик кучларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилди. Бир неча кун ўтгач, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг ноқонуний йўллар билан қўлга киритган, шу жумладан қариндошлари ва шериклари номига расмийлаштирилган активлари қиймати 1 миллиард долларга яқин эканини маълум қилди. Тез орада жиноятчи ва унинг яқинларига тегишли 720 та уй суд қарори билан давлат мулкига ўтди. Мулкнинг бир қисми кимошди савдосига қўйилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид