Таълим | 09:34 / 30.08.2025
1289
2 дақиқада ўқилади

2030 йилга қадар Ўзбекистонда 50 минг ёшлар тадбиркорлик бўйича бепул таълим олади

Мамлакатдаги илк бепул асосчилар мактаби муҳим босқични босиб ўтди – эндиликда унда 1000 нафардан ортиқ талаба таълим олмоқда. 

Фото: SG Founders School

SG Founders School Ўзбекистонда тадбиркорлар учун биринчи бепул академия сифатида шу йилнинг апрел ойида ташкил этилган бўлиб, миллий ислоҳотлар йўналишига ҳамоҳанг ҳолда ёш ўзбекларнинг тадбиркорликни илгари ҳеч кузатилмаган миқёсда қабул қилаётганини намоён этмоқда.

Бутун республика бўйлаб талабалар дадил ғоя ва катта амбицияларга эга, бироқ кўпинча уларни амалий лойиҳаларга айлантириш йўллари етишмайди. Founders School орқали Startup Garage инвесторлар, тадбиркорлар ва бўлажак асосчилар бир-бири билан ғоялар алмашадиган, ҳамкорлик қиладиган ва лойиҳаларини ривожлантирадиган ҳамжамиятни барпо этмоқда. Ёшларни ушбу тармоққа уланиб, дастур уларга фақат билим эмас, балки ҳақиқий асосчи бўлишлари учун зарур экотизимни ҳам тақдим этмоқда.

Бу жараён, Рақамли технологиялар вазирлиги мамлакатнинг АТ соҳасидаги амбицияларига жиддий эътибор қаратаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Вазирлик ҳузурида ташкил этилган IT Park Uzbekistan бугунги кунда 2 800 дан ортиқ компанияни, жумладан, 730 дан зиёд хорижий корхонани бирлаштирган ва мамлакатга истеъдодлар ҳамда капитални жалб этиш учун IT-Visa ва Zero Risk каби имтиёзларни жорий этмоқда. Яқинда Digital Startups дастури ишга туширилди, у дастлабки босқичдаги лойиҳаларга ҳам молиялаштириш ва акцелерация имкониятларини тақдим этади – бу истиқболли ғояларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги учун қилинган қадамдир.

Агар IT Park инфратузилма ва сиёсатни шакллантираётган бўлса, SG Founders School одамлар билан ишламоқда. Унинг мақсади дадил: 2030 йилга қадар 50 000 нафар талабани тайёрлаш. Ҳатто улардан озгина қисми компания ташкил этса ҳам, Ўзбекистонда кейинги ўн йил ичида минглаб стартаплар вужудга келиши мумкин –  бу эса янги иш ўринлари, инновациялар ва миллиардлаб долларлик қўшимча қийматни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид