Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жамиятда аёлларнинг ўрни: маошлар тенгсизлиги, интернетдаги босимлар ва сиёсатдаги иштирок ҳақида
Жамиятда ўз овозига эга бўлиш, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш бугунги кунда аёллар учун нафақат шахсий ривожланиш масаласи, балки бутун мамлакат тараққиётига бевосита таъсир кўрсатувчи омилга айланди. Лекин бу йўл осон эмас: фаол бўлишни истаган аёллар кўпинча ижтимоий босим, стереотиплар ва тенгсизликларга дуч келиши мумкин.
Фото: Norma.uz
Халқаро молия ташкилотлари, жумладан Жаҳон банки, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки фақатгина ижтимоий тенглик масаласи эмас, балки иқтисодий барқарорлик ва ўсиш учун ҳам муҳим омил эканини таъкидлаб келади. Ҳисоб-китобларга кўра, агар аёллар эркаклар билан бир хил даражада меҳнат бозорида қатнашса, Ўзбекистон ялпи миллий даромади қарийб 29 фоизга кўпайиши айтилади. Бу нафақат статистик кўрсаткич, балки бутун жамият фаровонлигига таъсир қиладиган иқтисодий имкониятдир.
Аммо реал вазият бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатмоқда: аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 40 фоиз атрофида, эркакларда эса бу кўрсаткич 72 фоиз. Бундай тафовутнинг сабаблари турлича: бир томондан, аёллар кўпроқ норасмий секторда ишлаши ва уларнинг меҳнати расмий статистикага киритилмаслиги мумкин. Иккинчи томондан эса, улар кўпинча паст маошли ёки ижтимоий ҳимояси заиф бўлган соҳаларга йўналтирилади. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг таҳлилларида қайд этилишича, аёлларнинг ўртача иш ҳақи эркакларникидан 25–35 фоиз паст. Яъни аёллар ҳатто бир хил малака ва меҳнат сарфлаган тақдирда ҳам эркаклар билан тенг ҳақ олмайди. Бу эса уларнинг иқтисодий мустақиллигини чеклаб қўяди.
Аёлларнинг фаол иштирокини чеклаётган муаммолардан яна бири бу онлайн таҳқир ва ижтимоий босимдир. Тадқиқотларга кўра, аёллар интернетда эркакларга қараганда кўпроқ таҳдид ва ҳақоратга дуч келади. Уларда кўпинча тажовузкор изоҳлар, ҳақоратлар, жинсий таҳдидлар ва ҳатто дохинг (яъни шахсий маълумотларни ошкор қилиш) хавфи мавжуд. Бундай ҳолатлар уларнинг ўз фикрини эркин билдиришдан қўрқишга, баъзан эса жамиятдаги фаоллигини сезиларли даражада камайтиришига олиб келади.
Бугунги кунда сиёсий майдонда ҳам ўзгаришлар сезилмоқда. Сўнгги йилларда парламентнинг қуйи палатасида аёллар улуши 33 фоизга етгани ижобий натижа сифатида кўрилади. Бу халқаро стандартлар билан солиштирганда ёмон эмас, бироқ муаммо шундаки, кўплаб ҳолларда бу рақамлар фақатгина статистик кўрсаткич сифатида қолиб кетиши мумкин. Асосий савол шуки, аёллар қарор қабул қилиш жараёнида ҳақиқатан ҳам таъсир кучига эгами ёки йўқ?
Аёлларнинг жамиятда фаол бўлиши икки томонлама таъсир қилади. Бир томондан, бу иқтисодий ўсишни тезлаштиради, сиёсий қарорларни янада адолатли қилади ва ижтимоий муаммоларга кенгроқ ечим топишга ёрдам беради. Бугунги кунда аёллар фаоллигини ошириш нафақат гендер тенглиги, балки умумий тараққиёт учун ҳам зарур.
Мавзуга оид
15:18 / 04.12.2025
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий инструментлари жорий этилади
16:06 / 29.11.2025
Нейронлар оламидаги сирлар: аёллар ва эркаклар мияси ўртасидаги фарқлар ҳақида
20:21 / 27.11.2025
Иш самарадорлигини пасайтирувчи 5 омил
17:50 / 21.11.2025