Жаҳон | 11:03 / 30.08.2025
3118
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Украинага тунги зарбалари: бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди

Запорижжяга қилинган ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди. Днипро ва Павлоградда портлашлар қайд этилган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine/REUTERS

Россия қўшинлари 30 август, шанбага ўтар кечаси Украинага ҳужумкор учувчисиз учоқлар ва ракеталар билан ҳужум уюштирди, деб хабар берди Украина ҳаво кучлари. Аксарият ҳудудларда ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Айниқса, Запорижжя ва Днипрога кучли зарба берилди.

«Запорижжяга камида 12 та зарба россияликлар томонидан оммавий ҳужум пайтида амалга оширилди», деб ёзди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Федоров Telegramʼда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна саккиз киши, жумладан бир бола жароҳатланган. Хусусий уйлар вайрон бўлган, кўп қаватли уйлар ва саноат бинолари зарар кўрган.

Днипропетровск ОҲМ раҳбари Сергей Лисак Днипро ва Павлограддаги портлашлар ҳақида хабар берди. Зарба оқибатлари ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид