Жаҳон | 18:26 / 30.08.2025
3079
2 дақиқада ўқилади

Японияда смартфонлардан фойдаланишни кунига 2 соатгача чеклаш таклиф қилинди

Расмийларга кўра, ташаббуснинг мақсади телефонларга қарамлик муаммосига эътибор қаратишдир.

Фото: Unsplash

Япониянинг Тойоаке шаҳри мэри (68 мингга яқин аҳоли) барча фуқаролар учун смартфондан фойдаланишни кунига икки соатгача чеклашни таклиф қилди. Иш, ўқиш ва спорт билан шуғулланиш бундан мустасно. Расмийларга кўра, ташаббуснинг мақсади телефонларга қарамлик муаммосига эътибор қаратишдир.

Шаҳар мэри Масафуми Коки сўзларига кўра, гап қатъий қонун ҳақида эмас, балки тавсия ҳақида кетмоқда. Лимитдан ошганлик учун жазо қўлланмайди. Шунингдек, тавсияда болалар учун «комендантлик соати» кўзда тутилган: кечки соат 9 гача - бошланғич синф ўқувчилари учун ва кечки соат 10 гача - ўсмирлар учун.

Бироқ бу ғоя қаршиликка учради. Ҳокимликка 100 дан ортиқ қўнғироқ ва хатлар келиб тушган ва уларнинг 80 фоизи қарши бўлган. Аҳоли эркинлик чекланишидан шикоят қилмоқда ва бундай қадамнинг зарурлигини шубҳа остига олмоқда. Шунга қарамай, «смартфонга қарамлик» ҳақиқий муаммо, деб ҳисоблайдиган тарафдорлар ҳам бор.

Гарчи бундай чеклов ҳақида ўйлашнинг ўзиёқ совуқ терга ботириши мумкин бўлса-да, қарор октябрь ойида маҳаллий қонун чиқарувчилар томонидан кўриб чиқилади.

Ўтган йиллар давомида ўтказилган кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатдики, смартфонга узоқ вақт тикилиш руҳий саломатликка, муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши ва ҳатто ҳаракатсизлик ёки уйқу бузилиши туфайли жисмоний саломатликка зарар етказиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид