Ўзбекистон | 15:00 / 02.09.2025
31686
2 дақиқада ўқилади

120 тонналик минорани йиқитган олов: “Ўзбекнефтгаз”газ қудуғидаги авария қандай жиловлангани ҳақидаги видеони намойиш қилди

26 июль куни Мўйноқ туманидаги 1-сон қудуқда юз берган авария Ўзбекистон кончилик тарихида энг оғир синовлардан бири бўлди. Катта босимда ёнаётган газ шу қадар кучли эдики, 120 тонналик улкан минорани бир кунда мумдай эритди. Атрофни минглаб градус иссиқлик қамраб олган, оловнинг ўкириши қулоқни қоматга келтирар, қудуқ эса гўё Ер юзидаги жаҳаннамга айланди.

Метин ирода соҳиблари оловнинг қаҳрига юзма-юз туриб, темирдан кучли жасорат ва сабр билан курашдилар. Оқибатда жаҳаннам олови бир ой деганда инсон талафотисиз жиловланди, хавф эса бартараф этилди.

Бир ой давом этган машаққатли ишларга 400 дан ортиқ мутахассис ва юздан зиёд техника жалб этилди. Қудуқ оғзидаги 120 тонналик минора қолдиқлари ва юзлаб тонна металл конструкциялар олиб ташланди, 10 минг куб метрлик сув ҳовузлари қазилди, махсус робот технологиялари ишга солинди.

Жараёнда хорижий экспертлар, мутахассислар ҳам маслаҳатчи сифатида иштирок этди. Якунда қудуқ муваффақиятли жиловланди ва Ўзбекистонда илк бор  5000 метр чуқурликдан газ олиш амалиёти амалга оширилди.

Мутасаддиларга кўра, бу воқеа нафақат энергетикада, балки бутун мамлакат тарихида муҳим бурилиш сифатида ёдда қолади.

Ҳақиқий воқелик асосида “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати томонидан тайёрланган “Ортга қайтмас ислоҳотлар” номли фильм қудуқда бўлган авария ва уни жиловлаш ишларига бағишланади. Фильмни кўринг, бугуннинг қаҳрамонларини сиз ҳам билиб олинг.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид