Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Эшитдим, синадим, афсусландим”: Аёллар учун факт-чекинг нега муҳим?
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда турмуш тарзидан тортиб соғлиқ ва гўзалликка оид бўлган турли маслаҳатлар осонгина тарқалмоқда. Айниқса, аёллар кўпроқ шундай контент истеъмолчилари қаторида бўлишгани боис ёлғон ёки асосланмаган маълумотларнинг салбий оқибатларини энг аввало улар бошдан кечиришади.
Афсуски, айрим “маслаҳатлар” орқасида на илм, на тажриба туради — лекин улар кўпчиликни ишонишга мажбур қилади. Нима учун? Чунки улар ҳиссиётга ўйнайди, шошилинч “ечим” таклиф қилади ва гўёки тажрибадан ўтгандек кўринади.
Қандай ёлғонлар кўп учраяпти?
Аёлларни кўпроқ жалб қиладиган контентлар орасида қуйидаги нотўғри маълумотлар тез учрайди. Масалан:
“Бир ҳафтада 10 кило вазн йўқотиш”, “Фақат лимонли сув билан семизликка тамомила барҳам беринг” — бундай сарлавҳалар жозибали туюлса-да, аксарият ҳолларда саломатликка хавф туғдиради. Шошилинч озиш соғлиққа зарарли эканини онгли равишда биламиз.
“Асал ва сут терини 5 йилга ёшартиради”, “Юзингизга лимон суртинг, оқаради” — гўзаллик борасидаги бу каби маслаҳатларнинг кўпчилиги илмий жиҳатдан тасдиқланмаган. Айрим ҳолларда эса акс таъсир беради.
“Бу ўсимлик дамламаси шифо беради”, “Дорини асал билан аралаштириб ичинг” — халқ табобатига оид бу каби маслаҳатлар, айниқса врач тавсиясисиз қўлланса, организмга зарар етказиши мумкин.
Факт-чекинг: ёлғондан сақловчи оддий қадамлар
Сиз бунинг учун мутахассис бўлишингиз шарт эмас. Аммо қуйидаги оддий одатларни ҳаётингизга киритиш орқали ёлғон маълумотлардан ўзингизни ҳимоя қила оласиз:
1. Манбани кўринг. “Бу маълумот қаердан келган?” деган саволни ўзингизга беринг. Расмий манбами? Мутахассис фикрими? Ёки шунчаки шахсий блогми? Масалан, соғлиқ борасидаги маслаҳатларни ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги каби ишончли сайтларда текшириб кўринг.
2. Мутахассис фикрини изланг. Агар сизга лимон кислотаси терини оқартиради дейишса, дерматолог бу масалада нима дейишини текшириб кўринг. Чунки айрим “уй шароитидаги” тажрибалар терини куйдириши ёки аллергия келтириб чиқариши мумкин.
3. Бир нечта манбани солиштиринг. Агар бирор маслаҳат ёки “янгилик”ни фақат бир жойда кўрган бўлсангиз — бу уни тўғри қилади дегани эмас. Камида икки-учта манбадан изланг.
4. Эмоцияга алданманг. “Бугун ичинг — эртага ёшариб кетасиз!”, “Бу усулни сиздан яширишган!” — бу каби жумлалар айнан ҳиссиётга босим ўтказиш учун яратилган. Бу сарлавҳаларни кўрибоқ шубҳаланишингиз керак.
5. Расм ва видеони текширинг. Баъзан ёлғон хабарлар айнан видео ёки расм билан бирга чиқади. Улар эса бошқа воқеага оид бўлиши, ҳатто монтаж бўлиши мумкин. Google Reverse Image Search, TinEye ёки InVID каби воситалар орқали фото-видеоларни текширишингиз мумкин.
Сохта маслаҳатларнинг нархини соғлиғингиз билан тўлашингиз мумкин
Бир қарашда оддийдек туюлган тавсия ҳаётингизда жиддий муаммоларни бошлаши мумкин. Айниқса, соғлиқ, тери, овқатланиш, гормонал мувозанат каби мураккаб мавзуларда ҳар бир аёл факт-чекинг маданиятини ўзлаштириши зарур.
Чунки аёллар ўзларига қанчалик эҳтиёткор бўлишса — оиласи, фарзандлари ва атрофдагилар учун ҳам шунчалик соғлом муҳит ярата олади.
Мавзуга оид
09:31 / 16.05.2026
Ўзбекистонда аёлларга нисбатан эркаклар сони кўпроқ — статистика
18:10 / 08.05.2026
Ҳаёт эвазига ҳаёт: уруш Украинада аёллар танасини бозорга айлантирди
16:11 / 02.05.2026
“Тасалли берувчи аёллар” маскани — япон ҳарбийлари қанча қиз-аёлни жинсий қулликка маҳкум этганди?
21:30 / 18.03.2026